Ўзбекистонда янги давр “ОПА”лари кимлар?
Таҳлил
−
25 Ноябрь 2019
43893Опа, ака, амаки, тоға, қуда... Шу эди Ўзбекистон. Расмий мақомлар четда қолиб, ўзимиз кўпроқ итоат қиладиган рутбалар билан аташга ўргангандик раҳбарларни. Булар орасида энг баобрў кўрингани опа эди. Боғча мудирасини, мактаб директоридан тортиб, шифохона бош шифокорини опа дейиш одатга айланган. Опа ўзларидами, опа қачон келади, опанинг кайфияти йўқ...
2013 йилгача “опа” рутбаси кириб бормаган тирқиш қолмаганди. Жамиятда ҳамма – каттаю кичик, ҳатто, 70 га чиққан депутату сочига оқ оралаган ҳокимлар ҳам опа-опа деб турарди. Ўзбекистонда 2013 йилгача битта “катта опа” бўлган. Бу рутбанинг ортидаги шахс, “опа”нинг кучига катта ишонч билан қаралгани ҳам бор гап. Вақт ўтиб бу рутба ўғри номига ўрнини бўшатиб берди.
Мамлакатда ўтган уч йилдаги ўзгаришлар ҳақиқий меҳнаткаш опаларни юзага чиқардики, улар энди бир кишининг номи ва пиари учун эмас, давлат учун, унинг тараққиёти учун меҳнат қиляпти. Улар бугуннинг опалари! Том маънода сиёсат опалари! Дарвоқе, уларнинг ҳукумат ва сиёсатдаги ўрни шунчаки қўғирчоқлик эмас, балки ҳал қилувчи куч соҳибаси экани ва мамлакатда хотин-қизларга бўлган эътибор, гендер тенглигини кўрсатади.
Бугун, 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни. Ўзбекистон шу йилнинг ўзида аёлларга оид икки қонунни қабул қилиб, халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини қозонди. Булардан бири “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун бўлса, иккинчиси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун. Тўғри, ҳали қонунлар тўлақонли ўз кучини кўрсатишни бошлаганича йўқ. Бироқ, мамлакатда аёлларнинг ўрни ортиб бормоқда.
Мамлакатда “опа”ларга ҳозирча ишонч катта. Уларга юқори лавозимлар ишониб топшириляпти. Хўш, бугун давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутаётган опалар кимлар?
1. Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси. Мамлакатнинг иккинчи одами. Унинг Хотин-қизлар қўмитасидаги оз фурсатли океан ортигача етиб борди. У бу лавозимда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор саъй-ҳаракатлари билан ёдда қолди. Норбоева болалар меҳнатига чек қўйиш бўйича натижа ҳам кўрсата олди.
2. Элмира Боситхонова, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси. Кўпинча танқидлар гирдобида қоладиган Боситхонова билан суҳбатда бўлганлар яхши биладики, у ҳар қандай вазиятга аввало буви, она, опа ва сингил ўлароқ баҳо беради. Негадир, унинг қарашлари, сўзлари кўпинча янглиш қабул қилинади.
3. Галина Саидова, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси. Иқтисод билимдони. 2011 йилдан 2017 йилгача Иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаган Саидова Хотин-қизлар қўмитаси раисини айтмаса, Ҳукуматдаги ягона аёл сифатида кўриб келинган. Уни кўпчилик тартиб ва интизом борасида нумана қилиб кўрсатади.
4. Агрепина Шин, Мактабгача таълим вазири. Таълим соҳасида кўп йиллик тажрибага эга педогог. Шин бугун Ўзбекистонда мактабгача таълими тизими лабиринтини қайта чизяпти, десак муболаға бўлмайди.
5. Светлана Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари. Уни Ўзбекистон Ҳукуматидагилар “темир хотин” дейишади. Ортиқова нутқи, жасоратли чиқишлари билан эътибор қозонган. У журналистларнинг ҳар қандай оғир саволидан осон қутилиб қолишни билади.
6. Дилором Тошмуҳамедова, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори. Олий Мажлис спикери бўлиб ишлаб юрган кезлариёқ мамлакатда таниқли аёллар сафини эгаллаган эди. Ишдан кетдию на ўзи, на номи кўриниш берди. Орадан кўп ўтмай яна мавқеини тиклади, марказ директори, депутат ва сенаторликка сайланди. Дарвоқе, у Президент Каримовга сайловда рақиб бўлган ягона аёл сифатида тарихда қолган.
7. Гавҳар Алимова, сенатор, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси. Уни самарқандликлар яхши танийди. Республика миқёсида энди-энди ном чиқараётган Алимова гендер тенглиги масаласини кўтариб чиқувчи асосий раҳбар аёллар қаторидан ўрин олади.
8. Саида Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари. У агентлик раҳбариятидаги, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистонда ахборот соҳаси бошқарувида фаолият юритаётган ягона аёл. Иш бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада, аллақачон халқаро ҳамжамият эътибор марказида турибди.
9. Дилноза Каттахонова, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, “Камалак” болалар ташкилоти раиси. 2017 йилдан буён ушбу ташкилот раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Каттахонованинг бор-йўқлиги билинмайди. Бугунгача ОАВ у ҳақида бонг ургани, мамлакатда шундай ёшлар етакчиси, аёллар лидери борлиги ҳақида гапирганини эшитмаганмиз. Шундай бўлсада у бор ва ишлаяпти. Балки кўзга ташланишни ёқтирмас... Дарвоқе, у ташкилот раҳбариятидаги 10 киши орасида фаолият юритаётган ягона аёл.
LiveБарчаси