Ўзбекистонда янги агентлик тузилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

“Бизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ва имконият.  Лекин бу йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларни атиги 182 минг нафари техникумларга боряпти. 
Бугундан бошлаб бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади”, деди Президент.

Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент ва ихтисослашган мактабларда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди. Умуман, вилоят ва туман ҳокимларига келгуси ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини, ҳозиргига қўшимча яна 200 минг ўқувчини техникумга қамраб олиш топширилди. Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб олийгоҳларда қабул квоталарини инвестиция лойиҳаларида кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантириш тизими йўлга қўйилди. Эндиликда инвестор буюртмаси билан техникумларда ҳам кадрлар мақсадли тайёрланади. Инвестор сўровига асосан техникумдаги таълим дастурларини 30 фоизгача ўзгартириш мумкин бўлади.

Техникум билан дуал таълимни йўлга қўйган корхоналарга имтиёзли кредит ажратилади. Шу билан бирга, тармоқ уюшмалари ўзларига аъзо иш берувчиларнинг малака талабларини тайёрлаб бера олмаётгани, оқибатда корхона ҳам зарар кўраётгани, техникумлар ҳам нимани ўқитишни билмаётгани бўйича эътироз билдирилди.    

Мутасаддиларга йил якунигача янги агентлик билан биргаликда тармоқлардаги корхоналар учун керакли касблар кесимида стандарт ва талабларни ишлаб чиқиш топширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

техникум Касбий таълим агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг