Ўзбекистонда сохта “права” олганлар 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган – БП

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш билан боғлиқ жиноий қилмишлар фош этилгани ва иш доирасида 1200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини олганлар 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Қайд этилишича, ҳайдовчилик гувоҳномалари сохталаштирилгани ҳолати юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан тегишли моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратурада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов жараёнида, 8 та вилоятда (Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё) 1 200 нафардан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланган.

Таҳлилларга кўра, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган, 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси содир этган, оқибатда 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 3 нафари вафот этган.

Жиноят ишининг кенг ҳажмлилиги ва мураккаблигидан келиб чиқиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Ҳозирда сохта гувоҳномалар ва уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда, тергов ҳаракатлари режалаштирилган тартибда давом этмоқда.

“Барча фуқароларга шуни маълум қиламизки, ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозим. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, ҳозирда барча фуқароларнинг қалбаки ҳужжатлар асосида қўлга киритган ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган ва ҳужжат қалбакилаштирган ҳамда ушбу қалбаки ҳужжатларни сотиб олган фуқароларнинг ўзини ҳам жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳайдовчилик гувоҳномаси права

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг