Ўзбекистонда сиёсий элита ва бойлар болаларини нега чет элда ўқитади?
Интервью
−
19 Апрель 2021
23082Ўзбекистонда сиёсий элита ва бой тадбиркорлар нима учун фарзандларини хорижда ўқитади? Уларни Ўзбекистондаги таълим сифати қониқтирмайдими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ’нинг “Жим туринг” лойиҳаси меҳмони “Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаровга юзланилди.
“Авваламбор, бу яқин 3-4 йилда учраётган ҳолат. Мен буни яхши нарса, деб ҳисоблайман. Олдин бойларимиз ҳам пули бўла туриб фарзандини ўқитмасди. Уй, дача қурарди, машина оларди, ўзини тиллага безарди, лекин болаларини ўқитмасди.
Фақат бойлар эмас, имкони бор ҳамюртларимиз фарзандларининг таълимига пул тикяпти ва бу катта ўзгариш. Бунинг яхшилик тарафини кўрайлик. Япония ва Хитой ҳам ўз талабаларини чет элга ўқишга жўнатиб, ривожланган давлатлар тажрибасини ўзига олиб келиб, юксалган. Имкон бўлса, бизнинг фарзандларимиз ҳам чет элга чиқиб ўқисин. Пул бўлиши шарт эмас. Мен буни ўз жияним мисолида кўриб турибман. Оиласининг пули йўқ, лекин грант топиб, ўқишга кетяпти”, дейди Мурод Назаров.
Ўзбекистонда жуда кўп амалдорлар, Сенат раҳбариятидан то вазирлик ва идораларнинг юқори лавозимларида ишлаётган мансабдорларнинг фарзандлари чет элга ўқишга кетганча, қайтмаган. Тўғри, Назаров айтганидек, ёшларнинг чет элда таълим олиб келгани ва ўша тажрибани Ўзбекистонда тадбиқ этгани, албатта, қувонарли. Аммо, қайтмаса-чи?! Бу ҳақда Назаров шундай дейди:
“Бу саволни менга ҳам кўп беришади. Қизларимни Англиядаги мактаб-интернатга берганмиз. Уларни 2-3 йил ўқитмоқчиман. Дунёни кўрсин, дунёқараши кенгайсин. Келажакда замонавий йигитга турмушга чиққанда, у билан хизмат сафарига борганда, қийналиб қолмасин. Эрига яхши ҳамроҳ, ҳамфикр бўла оладиган турмуш ўртоқ бўлсин, деб 2-3 йилга жўнатяпмиз. Лекин улар қайтиб келишади. Катта қизим 15 га тўляпти, бу йил қайтиб келади ва 2-3 йил турмушга чиққунга қадар оилавий муҳитни, ўзбекона анъаналарни ўрганади.
Ўғлимиз эса 4 йилдан бери ўқияпти, келаси йил 4 йиллик институтга киради. Баъзилар айтиши мумкин, “4 йилдан буён ўқиётган бўлса, яна 4 йил ўқиса, қайтиб келмаслиги мумкин-ку”. Келиш-келмаслигининг менга фарқи йўқ. Биз фарзандларимизга айтамизки, Ватан – бу бизнинг ер шаримиз. Биз қаерда бахтли бўлсак, ўша ер бизнинг Ватанимиз. Нимага? Инсон ўзи бахтли бўлмаса, бировга бахт улаша олмайди. Ўзи ширин овқат емаган одам бошқаларга ширин овқат тайёрлаб беролмайди. Бахт нималигини билмаганлар бошқаларни бахтиёр қилолмайди. Шунинг учун инсон биринчи навбатда ўзи бахтиёр бўлиши керак. Кейин у бу бахтни бошқалар билан бўлишишни бошлайди. Фарзандларимга, “қаерда бўлмагин, муваффақият қозониб, юртимизга, қариндошларингга, миллатдошларингга фойданг тегса, ўша ерда биз сени дуо қилиб турамиз”, дейман”.
Мурод Назаровга кўра, Россия, Корея, Америка, Японияда ўқиб, ишлаётган ўзбекистонликлар Тошкентда жуда кўп уй харид қилади. Айнан Мурод Назаровга тегишли уйларнинг 15 фоизини АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар сотиб олади.
“Агар улар ўша ерларда қолиб кетишса, уй олишмасди. Пандемия вақтида ҳам юртимизга биздан кўра чет элда ишлаётган юртдошларимизнинг фойдаси кўпроқ тегди. Чунки имкони бор, кўпроқ пул топяпти. Бизда иши яхши юришиб турган тадбиркорлар 100-200, боринг ана мингтадир. Лекин чет элда минглаб ватандошларимиз 100-200 доллардан тўплаб бўлса ҳам қанчадан-қанча ёрдам қилишди”, дейди Назаров.
У мавзу атрофидаги фикрларини баён этаркан, четл элга ўқишга кетаётган ва ўша мамлакатларда қолиб кетаётган бола Ватанданмас, оиладаги нотинчликдан қочади ва қайтмайди.
“Чет элга ўқишга кетган боланинг қайтмаслигидан қўрқиш керакмас. Бу оилавий муҳитга боғлиқ. Оиласидаги жанжаллардан чарчаган бола чет элда тинчини топади ва яна жанжалга қайтишни хоҳламайди. Лекин шукуҳи, бахтиёрлиги, аҳилчилиги бўлган, ота-онаси, бобо-бувиси билан байрамларда мазза қилиб вақт ўтказган бола қаерда бўлмасин оиласига талпинади. Ўша бахтиёр дамларни соғинади. Боласини чет элга жўнатишдан қўрқаётган оилалар ўзидан қўрқяпти. Ўз оиласида аҳиллик йўқлигидан хавотирда. Аҳил оилалар боласини чет элга жўнатишдан қўрқмайди. Чунки улар фарзанди қайтиб келмаслигидан шубҳа ҳам қилмайди”, дейди тадбиркор Мурод Назаров.
Мурод Назаров билан интервьюни ҳозироқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси