Ўзбекистонда сайловлар нега декабрда эмас, октябрда ўтказилмоқчи?
Жамият
−
28 Январь 2021
7705Хабарингиз бор, жорий йил охирларида Ўзбекистонда йирик сиёсий воқеа – Президент сайлови кутилмоқда. Мамлакатда Президент сайлови декабрь ойида ўтказилиши анъанага айланган. Бироқ, галдаги сайлов октябрь ойида бўлиб ўтиши мумкин. Президент сайловлари октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши мумкин.
Хўш, Ўзбекистонда президентлик сайловлари нега айнан декабрь ойида эмас, октябрда ўтказилмоқчи? Сайловларнинг муддатини ўзгартириш нега керак? Бу қарорнинг давлат ва одамларга қандай таъсири бор? Бу ҳақда кеча, 27 январь куни ташкил этилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Сайлов қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги давра суҳбатида сўз очилди. QALAMPIR.UZ мухбири воқеа жойидан хабар берди.
Маълум қилинишича, депутатлар гуруҳи миллий ва хорижий экспертлар билан парламент, Президент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловлари муддатларини декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш масаласини атрофлича ўрганган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Худди шундай норма “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасида ҳам бор.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда сайловларнинг муддатини декабрь ойидан октябрь ойига кўчиришни қуйидаги муҳим омиллар тақозо этмоқда:
Биринчи омил: парламент сайловлари бўлиб ўтганидан кейин қонунчиликда белгиланган муддатларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларини ўтказиш, уларнинг қўшма мажлисларида Бош вазир номзодини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси – Ҳукуматни шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўтказиш каби муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келмоқда. Бу эса Давлат дастурларини қабул қилиш ва тегишли йилга мўлжалланган бошқа ислоҳотларнинг март-апрель ойларига қадар сурилишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, 2019 йилги парламент сайловларидан кейинги сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар жуда қисқа муддатда, яъни 2020 йилнинг 20-24 январь кунлари оралиғида бўлиб ўтган. 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастури эса 2 март куни қабул қилинган.
Иккинчи омил: сайловлар қаҳратон совуқ давр – қиш мавсумига тўғри келиши, ўз навбатида, фуқароларнинг сайловлардаги фаоллигини янада ошириш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш, замонавий сайлов технологияларидан фойдаланиш, айниқса, оммавий тадбирларни ташкиллаштиришда бир қатор камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ўтган сайловлар даврида аҳоли ва электорат, сиёсий партиялар томонидан бу борада қатор таклифлар билдирилган.
Учинчи омил: хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатларида, масалан, Гана, Миср, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси, Жазоир, Венесуэла, Доминика каби мамлакатларда сайловлар декабрь ойида ўтказилади. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова ва бир қатор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.
Тўртинчи омил: Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловлар Европа ва Америка давлатларидан таклиф этилган кузатувчиларнинг диний байрами, хусусан, “Рождество” нишонланадиган 25 декабрь санасига тўғри келиши туфайли сайлов соҳасида жаҳон миқёсида обрўга эга халқаро кузатувчиларнинг иштирокини чекламоқда.
Ана шу омилларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф этилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь