Ўзбекистонда “регулятив ҳудуд” ва “майнинг-пул” яратилади – Президент қарори

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси крипто-активлар айланмасини ривожлантириш ва “блокчейн” технологиясини жорий этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда норматив-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

“Регулятив ҳудуд” технологиясининг 10 йилдан ортиқ вақт давомида мавжудлигига қарамай, жаҳон амалиётида ҳали крипто-активлар айланмаси, шу жумладан крипто-активларни ишлаб чиқариш (майнинг), уларни яратиш ва бозорга чиқариш, крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш каби масалаларни норматив-ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқилмаган.

Қарор лойиҳасига кўра, “Регулятив ҳудуд”ни яратишнинг асосий мақсадлари ва вазифалари сифатида қуйидагилар келтирилган:

•    Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг янги турларини шакллантирадиган замонавий рақамли технологияларни синовдан ўтказиш ва пилот тарзда амалга ошириш учун муҳит яратиш;

•    эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган нормалар аниқланган тақдирда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, янги тартибга солиш механизмларини шакллантириш ва уларни синовдан ўтказиш;

•    крипто-активлар айланмаси соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, блокчейн технологияси ва бошқа замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, шу жумладан крипто-активларни эмиссия қилиш (токенларни яратиш ва бошланғич тақсимотини амалга ошириш) бўйича пилот лойиҳаларни амалга оширишда ва блокчейн технологиялари лойиҳаларига инвестиция қилишда субъектларга кўмаклашиш;

•    рақамли маҳсулотлар ва хизматлар турларини, шу жумладан экспортга йўналтирилган ечимлар сонини ошириш, инновацион рақамли технологияларни республика ва жаҳон бозорига чиқариш муддатлари ва харажатларини камайтириш;

•    “Регулятив ҳудуд” иштирокчилари ва республика бўйича кадрларга бўлган мавжуд ва истиқболдаги талабни инобатга олган ҳолда, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш.

Мазкур лойиҳага кўра, “Регулятив ҳудуд”нинг резиденти мақоми, уларнинг жойлашган жойидан қатъий назар, экстратерриториаллик тамойили асосида, Ўзбекистон Республикаси резедентлари-юридик шахсларга берилиши мумкин.

Бунда, потенциал резидентлар “Регулятив ҳудуд”да амалга ошириш ва синаш учун таклиф этилган крипто-активлар айланмаси ёки “блокчейн” соҳасидаги ноёб технологияларига (маҳсулотларига, хизматларига) эга бўлишлари, ёки оммабоп технологиялардан фойдаланишда инновацион ёндашув қўлланилаётганлигини исботлашлари, аниқ мақсадлар кўрсатилган бизнес-режага, хавфларни баҳолаш тўғрисида ҳисоботга ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар режасига, ва бошқа бир қатор мезонларга эга бўлишлари лозим.

Пилот лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида резидентларга 12 ой вақт берилади, ушбу давр мобайнида зарур тартибга солиш механизмлари ишлаб чиқилади. Жоиз бўлганда, мазкур муддат 24 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

“Регулятив ҳудуд” резидентларига, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари – субъектлар билан, хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар (таклифлар, битимлар) тузиш ҳуқуқини тақдим этилади, бунда, “Регулятив ҳудуд” доирасида қабул қилинган ҳуқуқий нормаларга амал қилаётган бўлса, келишув шартлари амалдаги қонунчилик нормаларидан четга чиқиши мумкин бўлади.

Бироқ, компаниялар мазкур тартибларга риоя қилмаган тақдирда, “Регулятив ҳудуд” резиденти мақомидан айриладилар.

“Регулятив ҳудуд”нинг оператив бошқаруви Дирекция томонидан амалга оширади.

“Миллий майнинг-пул”ни яратиш:

Крипто-активлар майнингини амалга ошираётган, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари бўлган майнерларнинг техник қувватларини бирлаштириш мақсадида Миллий майнинг-пулни ташкил этиш кўзда тутилган.

Миллий майнинг-пулни ташкил этишнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилар:

•    Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хусусий ва саноат майнерлари учун қулай шароитлар яратиш;

•    майнинг соҳасида иқтисодий самарадорликни таъминлаш мақсадида майнинг ускуналарининг техник қувватларини бирлаштириш;

•    ошкоралик, хавфсизлик ва назорат даражасини ошириш, шунингдек, крипто-активлар майнинги соҳасида энергия истеъмоли самарадорлигини ошириш;

•    крипто-активлар айланмаси соҳасида потенциал хорижий сармоядорлар учун Ўзбекистон Республикасининг инвестицион жозибадорлигини ошириш.

Лойиҳада саноат майнинги (100 кВт/соатдан ортиқ энергия истеъмол қилган ҳолда майнинг) фаолиятини лицензиялаш ва хусусий майнерлар фаолиятини рўйхатга олиш механизмини жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Майнерларнинг Миллий майнинг-пулда иштирокини рағбатлантириш чораси сифатида улар учун электр энергияси учун ҳақ тўлашда, белгиланган тарифга ошириш коэффицентини ишлатмаслик таклиф қилинади.

Маълумот учун: 2019 йил декабр ойида электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, крипто-активлар муомаласи, шу жумладан майнинг билан боғлиқ фаолият билан шуғулланувчи истеъмолчиларга тегишли тариф гуруҳининг белгиланган тарифига 3 баробар орттирилган коеффициентни қўллаш тўғрисида ўзгаришлар амалга оширилди.

Лойиҳага кўра, крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ ноқонуний операциялар ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли тариф гуруҳининг белгиланган тарифига 3 баробар орттирилган коеффициенти қўлланилади.

Майнинг-пул фаолиятини оператив бошқариш «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди таъсисчилигида ташкил этилган оператор томонидан амалга оширилади. 

Оператор шунингдек, Ўзбекистон Республикасида саноат майнинги фаолиятини лицензиялаш бўйича Агентликнинг ишчи органи ҳисобланади.

Лойиҳада, шунингдек, аҳолини энергия билан таъминлаш соҳасида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, Майнинг-пулнинг ёки алоҳида майнернинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш чоралари ҳам кўзда тутилган.

Майнинг-пул иштирокчилари, майнинг натижасида олинган крипто-активларни ваколатли органдан тегишли лицензия олган крипто-биржа орқали ёки махсус платформа орқали сотишлари мумкин бўлади.

Умуман олганда, мазкур Президент қарори лойиҳасини қабул қилиш қуйидагиларга эришиш учун хизмат қилади:

•    крипто-активлар айланмаси ва блокчейн технологияси соҳасида инновацион лойиҳаларни жадал суръатларда ишга тушириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, майнинг соҳасини ривожлантириш;

•    янги технологияларни жорий этишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ хатарларни баҳолаш ва минималлаштириш механизмини жорий этиш;

•    крипто-активларни фуқаролик айланмасига босқичма-босқич ва назорат қилган ҳолда киришини ташкил этиш орқали янги тартибга солиш усулларини синаб кўриш механизмини яратиш;

•    замонавий маҳсулот ва хизматларни жорий этиш учун махсус шартларни тақдим этиш орқали юқори технологиялар соҳасидаги хорижий инновацион компанияларни жалб қилиш;

•    рақамли технологиялар соҳасида маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажмини ошириш;

•    крипто-активлар айланмаси ва блокчейн технологияси соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш учун асос яратиш;

•    Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдонда инновацияларга очиқ ва инвестициявий жозибадор мамлакат сифатида имиджини ошириш.


Мақола муаллифи

Теглар

Майнинг пул регулятив ҳудуд рақамли иқтисодиёт блокчейн

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг