Ўзбекистонда расмий секторда бандларнинг деярли 43 фоизи 1 млн сўмгача ойлик олади

Жамият

image

Ўзбекистонда расмий секторда ишлайдиганларнинг 1 772 477 киши, фоиз ҳисобида тахминан 43 фоиз одам 1 млн сўмгача ойлик олади. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди. 

)Фото(

2020 йилнинг I ярим йиллигида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 трлн. сўм кўп бўлиб, 7,3 трлн сўмни ташкил этди. 

Корхоналарда иш ҳақи фондининг ўсиши ва энг кам иш ҳақининг (жорий йил I ярим йиллигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан) 18 фоизга ошиши, солиқ тушумлари динамикасига таъсир кўрсатган асосий омил бўлди.

Бундан ташқари, давлат улуши бор корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкасининг 25 фоиздан 12 фоизга камайтирилиши ҳам ходимлар иш ҳақини оширишга имкон берган.

Шу билан бирга, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича жорий йил II чорагидаги тушумлар I чоракка нисбатан қуйидаги асосий омиллар туфайли камайганлиги кузатилди:

•  жорий йилнинг апрель ойида иқтисодий фаолликнинг пасайиши натижасида хусусий секторда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг камайиши. Бу камайиш карантин бўйича қатъий чекловлар қабул қилинган даврда, ходимларга, шу жумладан бюджет ташкилотларида таътил тўловлари берилиши натижасида қисман қопланди;

•  2020 йилда ходимга тўланадиган, солиққа тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилиши.

Вазирлик хабарига кўра, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, хусусий секторда иқтисодий фаолликнинг сусайиши ва бу билан боғлиқ солиқ солинадиган иш ҳақи фондининг камайиши, жорий йилнинг II чорагида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумнинг дастлабки прогнозга нисбатан 500 млрд. сўмдан кўпроққа камайишига олиб келди.

Шу билан бирга, пандемия даврида кичик тадбиркорлик субъектлари ва иқтисодиётнинг айрим тармоқлари учун жорий йилнинг май ойидан бошлаб ижтимоий солиқ ставкасини 12 дан 1 фоизгача камайтирилиши нодавлат секторидаги ходимлар сонини апрель ойига нисбатан 16 фоизга, иш ҳақи фондини эса 22 фоизга ошириш имконини берган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда бюджет тақчиллиги 7 трлн сўмга тенг бўлгани ҳақида хабар берган эдик

Aҳрорбек Ҳайруллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг