Ўзбекистонда олтин ёмбиларини қандай сотиб олиш мумкин?
Жамият
−
04 Июль 2020
14001Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган, Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган ўлчовли ёмбиларни МБнинг ҳудудий бош бошқармалари ва тижорат банклари орқали сотиш ва қайтариб сотиб олиш мумкин.
Бу ҳақда жорий йилнинг 30 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида сўз боради.
Маълумотларга кўра, ёмбилар нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктураси, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси, шунингдек, Марказий банкнинг маржа ва чегирмасидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни Марказий банк бошқаруви томонидан белгиланади. Бунда МБ фойда олиш мақсадини кўзламайди.
Сотиб олиш тартиби қандай жараёнлардан иборат?
-Жисмоний ёки юридик шахслар ёмбини сотиб олиш учун шохобчага мурожаат қилади ва нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан тўловни амалга оширади;
- Шу куннинг ўзида сертификат билан қадоқланган ҳолдаги ёмби харидорга топширилади;
- Ҳар бир ёмби сертификати идентификация серия рақамига эга бўлади ва ушбу рақам ёмбининг юза қисмида кўрсатилади.
“Қадоғи бузилмаган ва сертификатга эга ёмбини қайтариб сотиш учун ёмби эгаси шохобчага мурожаат қилади. Шу куннинг ўзида банк қайтариб сотиб олинган ёмби бўйича унинг эгаси билан ҳисоб-китобни амалга оширади”, дейилади маълумотда.
Таъкидланишича, қадоғи бузилган ёки қадоқсиз ёмбилар алмаштирилиши мумкин. 20 иш куни мобайнида топширилган ёмби Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида техник экспертизадан ўтказилади, шундан кейин ёмби эгасига берилади.
Экспертиза натижасида қалбакилаштириш аломатлари аниқланган ҳолларда, ёмбилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади. Ушбу ёмбилар эгаларига қайтариб берилмайди ва қайтариб сотиб олинмайди.
Маълум қилинишича, ҳужжат 30 июндан кучга кирган.