Ўзбекистонда олий таълим кенгаши ташкил этилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим тизимида халқаролашувни кенгайтириш, таълим сифати ва мазмундорлигини ошириш ҳамда коррупцион ҳаракатларга
чек қўйиш ва унинг шаффофлик, холислик ва объективлигини таъминлаш мақсадида Республика олий таълим кенгаши ташкил этилади. 

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланади: 

•    олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва стратегик вазифаларни аниқлаш, олий таълим тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш ва таълимда узвийликни таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

•    таълим сифатини ошириш, таълим тизимидаги шаффофлик, ҳолислик ва объективликни таъминлаш, коррупцион ҳаракатларга чек қўйиш ҳамда уларнинг ечимига қаратилган вазифаларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиб бориш;

•    олий таълим тизимини билимли, адолатли илмий-педагогик кадрлар билан таъминлаш йўналишларини белгилаш бўйича таклифлар киритиб бориш;

•    иш берувчиларнинг ҳудудий жойлашуви ҳамда ҳудудларнинг стратегик ривожланиш истиқболларига асосан кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ўрганиш, истиқболли бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

•    ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва олий таълим тизимига жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

•    хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олган ва тадқиқот ишларини олиб бораётган ватандошлар билан олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини ташкил этиш;

•    олий таълим муассасаларининг миллий ва халкаро рейтинг кўрсаткичларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг йиллик ўсиш динамикасини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларда кўмаклашиш;

•    олий таълим муассасаларининг моддий-техник ва лаборатория базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришдаги муаммоларни ўрганиш, ечими бўйича тавсиялар тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқот натижаларини халқаро журналларда нашр қилиш орқали олий таълимнинг нуфузини оширишга кўмаклашиш;

•    олий таълим муассасаларининг талабалари ва илмий-педагог кадрларининг академик алмашинувига ёрдам кўрсатиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот ишлари бўйича олий таълим муассасаларининг интеграциясини ривожлантириш;

•    олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ходимлари, докторантлари, талаба ва магистранларининг ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш, моддий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар бериш;

•    олий таълим муассаларининг фаолияти, вазифалари ва функциялари бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

•    таълим сифати ва таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан олий таълим муассасаси фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, шу жумладан, уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

•    олий таълим муассасалари фаолияти бўйича фуқаролар билан ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

Кенгаш котибияти ходимларининг чекланган сони 3 нафар этиб белгиланади ва уларнинг ойлик маоши олий таълим муассасасининг профессори лавозим маошига тенглаштирилади.

Кенгаш юридик мақомга эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга Кенгаш фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш вазифаси юклатилади. 

Қуйидагилар Кенгаш фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланмоқда:

•    Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

•    тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг маблағлари;

•    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

•    халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

•    қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий таълим кенгаши

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар