Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ҳар томонлама бузиляпти – Ойбек Исоқов
Жамият
−
09 Октябрь 2021
9477Ўзбекистондаги қамоқхоналарда имконияти чекланган маҳкумларга етарлича имконият йўқ. Жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМда ногиронлиги бўлган қанча маҳкумлар борлиги ҳақидаги статистика юритилиши керак. Уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинмаслиги керак. Бу ҳақда кеча, 8 октябрь куни “Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов айтиб ўтди.
QALAMPIR.UZ журналисти ассоциацияси раисидан бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахслар, қолаверса, маҳкумларга қандай шароит яратилгани ҳақида сўради. Ассоциацияси раиси саволга жавобан бугунги кунда нафақат ЖИЭМларда балки эркинликдаги фуқаролар учун ҳам шароитлар етарли эмаслигини таъкидлади.
“Қамоқхоналарда имконияти чекланганларга етарлича шароит йўқ. Бизнинг мақсадимиз жамоат жойлари, кафе, ресторанлар, аэропорт ва қамоқхоналарда ҳам имконияти чекланганларга шароит яратишдан иборат. Ногиронлиги бўлганларга имконият яратилмас экан, улар бирорта ҳуқуқларидан фойдалана олмайди. Тўсиқсиз муҳит эса уларнинг имкониятларини кенгайтиради. Катта-катта анжуманларда қатнашиб, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқлари нафақат ташқарида, балки қамоқхоналарда ҳам таъминланиши кераклигини айтяпмиз”, дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси раиси Ойбек Исоқов.
Раис сўзида давом этаркан, бугунгача қамоқхоналарда қанча имконияти чекланган маҳкумлар борлиги ҳақидаги статистика юритилмаслиги, улар йўқ бўлган тақдирда ҳам ЖИЭМларда ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратиш кераклигини урғулади.
“Мулозимлардан бирининг айтишича, Ўзбекистондаги қамоқхоналарда [ногиронлиги мавжуд] 4 нафар маҳкум бор эмиш. Бу гап қанчалик тўғри ёки нотўғри, билмайман. Лекин, бу қуруқ гап. Биз гапга эмас, статистикага ишонишимиз керак. Шу сабабли ҳам Ўзбекистондаги қамоқхоналарда қанча ногиронлиги бўлган маҳкумлар борлиги ҳақидаги статистика юритилиши лозим. Қамоқхонада бир нафар бўлса ҳам ногиронлиги бўлган шахс борми, унинг учун ҳам имконият яратиш шарт”, дейди ногиронлиги мавжуд шахслар ҳимоячиси.
Унинг қайд этишича, бугун Ўзбекистондаги қамоқхоналарда ногиронлиги мавжуд бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари очиқдан очиқ поймол қилинмоқда. Бунни оддий ҳожатхона мисолида ҳам кўриш мумкин.
“Биргина мисол билан айтиш мумкин: қамоқхоналардаги ҳожатхоналарда [ногиронлиги мавжуд шахслар учун] унитаз йўқ. Ногиронлиги бўлган шахс қандай қилиб ҳожатхонадан фойдаланади? Ҳар томонлама уларнинг ҳуқуқлари бузиляпти. Имконияти чекланган фуқарони озодликдан маҳрум қилган бўлишимиз мумкин, лекин ижтимоий ҳуқуқларидан маҳрум қила олмаймиз. У даволаниши, реабилитация қилиниши, ортопедик маҳсулотларни тўсиқсиз ва ўз вақтида олиши керак. Афсуски, ЖИЭМларда бу масалаларга эътибор берилмаяпти. Ҳамма жойда тўсиқсиз муҳитни яратиш, қамоқхонада бирорта ногирон одам бўлмаган тақдирда ҳам шароитлар бўлиши шарт”, дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси.
Конференцияда сўзга чиққан Ойбек Исоқов ИИВ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Адлия вазирлиги ва бошқа қатор ташкилотларга ўз таклифларини билдирганини маълум қилиб шундай дейди:
“Биринчи таклифим – ЖИЭМларда қанча имконияти чекланган маҳкумлар борлиги ҳақидаги статистикани юритиш;
Иккинчи таклифим – ногиронлиги бўлган маҳкумларга алоҳида бошқа маҳкум бириктириб, уларга маош тўланиши зарур. Имконияти чекланган маҳкумнинг юриши, овқатланиши, ҳожатга бориши ва бошқа зарур вақтларда кўмакчи керак бўлади.
Учинчи таклифим – Жазони ижро этиш муассасаларини ИИВдан Адлия вазирлигига ўтказиш керак. Маҳкумларга гуманизм нуқтаи назари билан қараш тарафдори бўляпмиз. ИИВни куч ишлатар тизим сифатида биламиз. Адлия вазирлиги эса гуманизмга яқин бўлгани учун ЖИЭМларни шу вазирликка ўтказиш таклифини бердик.
Тўртинчи таклифим – қийноқлар ҳақидаги конвенцияни факультатив протоколини ратификация қилиш. Бунинг натижасида ҳар бир фуқаро БМТга тўғридан тўғри мурожаат қилиши мумкин бўлади. Протоколнинг конвенциядан асосий фарқи шу. Конвенцияда давлат ҳисобот берса, протоколда исталган фуқаро ёки ЖИЭМдаги маҳкумлар ҳам мурожаат қилиши мумкин бўлади”.
Исоқовга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун керак бўлса, қонунларга ўзгартириш киритиш лозим. “Уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлмаслиги учун ҳаммасини Қонун билан “михлаш” керак”, дейди фаол. У мамлакатдаги ўзгаришларни ҳам тилга олди Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 11 йил давомида чўзиб келган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция Президент Мирзиёев бошчилигида ратификация қилинган.
“Биласизми, депутатлар айнан шу конвенцияни ратификация қилишни 11 йил чўзишганди. Конвенция Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан ратификация қилинди. Бу иш билан Ўзбекистон томони ногиронлиги бўлган фуқаролар тўсиқсиз муҳитни яратиш ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашни бўйнига олди. Икки йилдан кейин Ўзбекистон бу борада қилинган ишлар бўйича БМТда ҳисобот беради. Ногиронлар ассоциацияси эса муқобил ҳисоботни беради”, дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси раиси Ойбек Исоқов.
Давлат статистика қўмитасининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича 2020 йилда Ўзбекистонда жами 758 253 та имконияти чекланган фуқаролар қайд қилинган.
Ҳудудлар кесимида:
Қорақалпоғистон Республикаси – 53 745;
Андижон – 69 077;
Бухоро – 47 322;
Жиззах – 30 593;
Қашқадарё – 65 950;
Навоий – 33 551;
Наманган – 61 540;
Самарқанд – 77 240;
Сурхондарё – 62 469;
Сирдарё – 25 373;
Тошкент вилояти – 58 064;
Фарғона – 74 604;
Хоразм – 44 049;
Тошкент ш. – 54 676.
LiveБарчаси