Ўзбекистонда неча фоиз хотин-қизлар ўзларини бахтли ҳисоблайди? Тадқиқот ўтказилди
Бу қизиқ
−
29 Май 2023
7905Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини кўтаринки кайфиятда ва бахтли деб ҳисоблашади. Бу ҳақда “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқотда аниқланган.
“Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти томонидан 2023 йилнинг февраль-апрель ойларида “Хотин-қизларнинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ва йўналишлари” мавзусида республиканинг 6 та ҳудудида 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган 819 нафар хотин-қизлар орасида социологик тадқиқот ўтказилган.
Келтирилишича, хотин-қизлар оилавий қадриятларнинг шаклланишида оилавий муҳит ва ундаги тарбия (81%), ота-онанинг сулолавий шахсий ўрнаги (61%) ҳамда ўз ҳаётий тажрибаси муҳим ўрин эгаллашини билдирган.
Қайд этилишича, хотин-қизлар ўзлари учун аёл бахтининг асосини оилаларнинг тинчлиги, фаровонлиги, мустаҳкамлиги, фарзандларнинг борлиги, оиладаги самимий муносабатларда ва яқин инсонларнинг ўзаро ғамхўрлигида деб ҳисоблайди. Қишлоқ ҳудудларида яшовчи аксарият хотин-қизлар ўзларини, энг аввало, она (40,9%) ва рафиқа (27,3%) сифатида баҳолайди.
“Хотин-қизларнинг аксарияти оилали ва фарзандли бўлишни ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжи сифатида белгилайди. Шунингдек, оила қуриш билан бирга, жамиятда ижтимоий фаол бўлишни истаган, ишлаш, ўқиш ва касб-ҳунарли бўлишга интилаётган, буни ўзининг ҳаётий муҳим мақсади ва бахтининг бир қисми сифатида кўрувчи хотин-қизлар тоифаси борлиги тадқиқот натижасида ўз ифодасини топди”, дейилади хабарда.
Тадқиқот давомида иштирокчиларнинг 80,4 фоизи никоҳга ўз хоҳишига кўра рози бўлгани қайд этилган. Шу билан бирга, 13,2% ҳолатда оила катталарнинг келишуви, совчилар орқали қурилгани аниқланган.
Шунингдек, тадқиқотда қатнашган ҳар иккинчи респондент оилавий ажримларга мутлақо қарши экани аниқланган. Уларнинг аксарияти оилавий муносабатлардаги беқарорлик, саломатликдаги жиддий муаммолар ҳамда оиладаги зўравонликлар туфайли ажралишлар бўлиш эҳтимолини инкор этмаган. Респондентлар хиёнат (43,6%), фарзандсизлик (26,1%) жуфтликлар характерининг ўзаро мос тушмаслиги (20%) ва оиладаги жанжаллар (21,3%), турмуш ўртоғининг психик жиҳатдан носоғломлиги (22,1%) ва бошқа оғир хасталиклар (10,9%) туфайли ажрим ҳолатлари юзага келишини эътироф этган.
Аксарият хотин-қизлар учун оилани асраб қолиш мақсади, ишлаш ва касбий ўсишдан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга бўлсада, ҳар олтинчи респондент (14%) учун иш фаолияти жуда қадрли ҳисобланади. Бу тоифадаги аёллар иш фаолияти оиласининг бутунлиги ва тинчлигига салбий таъсир кўрсатган тақдирда ҳам ўз ишидан воз кечишга тайёр эмаслигини айтиб ўтган.
Сўровномада иштирок этган хотин-қизларнинг 68,3 фоизи инсон саломатлигининг қадрини устун қўйишсада, амалда 16% респондент уни биринчи ўринга қўймаслиги аниқланган.
“Бугунги кунда аёлларнинг салмоқли қисми фарзандларида келажакда умуминсоний қадриятлар, жумладан, оиладаги соғлом маънавий муҳит, меҳнат қилиш, ўз фикрини айта олиш ва адолатли бўлиш каби хусусиятлар устунлик қилишини хоҳлайди. Хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини кўтаринки кайфиятда ва бахтли деб ҳисоблайди”, дейилади институт хабарида.
LiveБарчаси