Ўзбекистонда нархлар ошишига нималар таъсир кўрсатяпти?

Жамият

image
Ўзбекистонда инфляциянинг кескин ошишига ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайиши, юқори ноаниқликлар шароитида март ойида кузатилган миллий валюта курсининг қадрсизланиши, мамлакат миқёсида кенг нишонланган байрамлар сабаб аввалги ойларга нисбатан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг сезиларли ошиши сабаб бўлган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан 2022 йил март ойи учун эълон қилинган “Инфляция динамикаси шарҳи”да келтирилган.
 
Қайд этилишича, март ойида озиқ-овқат нархларининг 2,5 фоизга қимматлашиши умумий инфляцияга 1 фоиз бандлик, ноозиқ-овқат товарлари нархининг ўртача 1,1 фоизга ошиши 0,4 фоиз бандлик ҳамда хизматлар нархининг 0,4 фоизга ошиши 0,1 фоиз бандлик таъсир кўрсатиб, инфляция даражаси Марказий банкнинг мақсадли кўрсаткичлари траекториясидан юқорироқ шаклланган.
 
Хусусан, буғдой уни, ёғ, гўшт, сут маҳсулотлари, шакар ва салқин ичимликлар нархлари март ойи давомида сезиларли даражада қимматлашган бўлса, банан ва картошка нархлари арзонлашган. Тухум нархлари кузатув ўтказилаётган пайтда ўтган ойга нисбатан пасайган бўлса-да, март ойининг охирига келиб яна ўсувчи динамика ҳосил қилган.
 
Шунингдек, шакар ва ун нархининг ошиши ушбу маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган қандолат маҳсулотлари, салқин ичимликлар нархлари ўсишига сабаб бўлган. Гречка, пишлоқ, кунгабоқар ёғи нархларининг экспортёр давлатлардаги (Россия ва Қозоғистон) ишлаб чиқарувчилар томонидан кескин оширилиши ички бозорларда ушбу маҳсулотлар нархига қўшимча босимни юзага келтирмоқда.
 
Ўз навбатида, кунгабоқар ёғи нархидаги ўзгаришлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариладиган пахта ёғи нархи ҳам кўтарилган.
 
Кузатувларга кўра, улгуржи савдоларда йил бошига нисбатан кунгабоқар ёғи 25 фоизга ва пахта ёғи 12 фоизга қимматлашган.
 
Мева ва сабзавотлар нархларидаги ўзгаришлар эса мавсумийлик билан характерланган. Бунда сўнгги ҳафталарда кузатилган салқин об-ҳаво баҳорги сабзавотлар янги ҳосилининг вегетатив даврини маълум муддатга секинлаштириб, таклиф томондан бозор коньюнктурасига таъсир қилган.
 
Марказий банкка кўра, бройлер етиштиришда зарур бўлган озуқа маҳсулотлари асосан Аргентина, Россия ва Қозоғистондан қуруқлик транспорти орқали, музлатилган товуқ гўшти эса кўпроқ Туркиядан импорт қилинади. Бунда январь-март ойларида озуқа нархларининг ўсиши, Туркия ва Европа давлатларида парранда гриппининг кенг тарқалиши жаҳон бозоридаги нархларга ва маълум кечикиш билан маҳаллий бозорларда таъсир эта бошлаган.
 
Бундан ташқари, озуқа нархлари қимматлиги сут маҳсулотлари нархи ўсишидаги муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Март ойида ёғингарчиликнинг етарли миқдорда бўлгани ҳамда апрель ойидаги ижобий кутилмаларга кўра, ёғингарчиликнинг яйловлар ва экин майдонлари учун фойдали бўлиши чорва озуқаси захирасини яратишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
 
Қозоғистон ва Беларусдан гўшт импорти ошиши ички бозорларда таклиф нархининг пасайишига сабаб бўлган.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг