Ўзбекистонда нақд пулга талаб нега ошмоқда?
Жамият
−
15 Июль 2022
10421Ўзбекистонда нақд пулга талабнинг ошишига узоқ муддатли омиллар (иқтисодий ўсиш, демографик ўзгаришлар ва молия секторининг ривожланиши) билан бир қаторда мавсумий иқтисодий фаолликнинг ошиши, чет элдан пул ўтказмалари кўпайиши, валюта курслари барқарорлиги таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ўтказган таҳлилларига асосан маълум қилди.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 июнь ҳолатига муомаладаги нақд пуллар ҳажми 36,9 трлн сўмга етиб, 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига (13,2 трлн сўм) нисбатан 2,8 баробар ошди.
Шундай бўлса-да, нақд пулларнинг кенг маънодаги пул массаси таркибидаги улуши камайиб бормоқда. Ушбу кўрсаткич 2017 йил 1 июнь ҳолатига 31,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил 1 июнь ҳолатига келиб 23 фоизгача камайган.
Таъкидланишича, 2017 йилдан бошлаб нақд пулга бўлган талаб мавсумий характерга эга бўлиб келмоқда.
“Апрель-май ойларидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви (масалан, тўй ва шунга ўхшаш маросимлар сонининг кўпайиши, қурилиш ишларининг тезлашиши, ёзги пишиқчилик, дам олиш ва улар билан боғлиқ харажатларнинг ортиши) нақд пулга бўлган талабни оширади ва ушбу тенденсия ноябрь ойларига қадар давом этади.
Ноябрдан март ойигача бўлган даврда муомаладаги нақд пул ҳажми сезиларли даражада камаяди”, дейилади институт таҳлилида.
Ўрганишларга кўра, апрель-ноябрь ойларида чет элдан пул ўтказмаларининг кўпайиши билан аҳоли томонидан валюта сотуви ҳажми ҳам ошиб боради. Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрининг мустаҳкамланиши ёки барқарорлигини сақлаб туриши шароитида ушбу тенденция янада жадаллашади.
Жорий йил 5 ойида пул ўтказмалари ҳажми 4,19 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига (2,61 млрд АҚШ доллари) нисбатан 61 фоизга (1,58 млрд АҚШ долларига) кўпайган.
Мазкур даврда банклар томонидан жисмоний шахслардан 4,32 млрд АҚШ доллари миқдорида валюта сотиб олинган ва бу ўтган йилнинг мос даврига (2,72 млрд АҚШ доллари) нисбатан 59 фоизга кўпроқ ҳисобланади.
“Катта ҳажмдаги олди-сотди операцияларини (уй-жой, машина олди-сотдиси) хорижий валютада (АҚШ доллари, евро) амалга оширилганда, ўз-ўзидан миллий валютага талаб камаяди.
Ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрининг ошиши ортидан аҳолининг кўпчилиги валютадаги жамғармаларини миллий валютага ўтказишни афзал кўра бошлашди”, дейилади ПМТИ таҳлилида.
Мутахассисларга кўра, валюта курси барқарорлиги сақланиб турган бир шароитда 2022 йил 15 июлдан 200 000 сўмлик банкноталарнинг муомалага чиқарилиши катта ҳажмдаги нақд ҳисоб-китобларни осонлаштириб, долларлашув даражаси янада камайишига хизмат қилиши мумкин.
Сўнгги 4 йилда тўлов тизимининг ривожлантирилиши натижасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми сезиларли даражада ошди. Муомаладаги банк карталари сони 1,7 баробарга (01.06.2018 йил ҳолатига 17,7 млн донадан 01.06.2022 йил ҳолатига 29,4 млн донага), ўрнатилган тўлов терминаллари сони 1,8 баробар (241 мингтадан 433,2 мингтага), ўрнатилган банкомат ва инфокиоскалар сони 2,7 баробар (6,1 мингдан 16,7 мингга) кўпайган.
2022 йил январь-май ойларида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар ҳажми 58,2 трлн сўмга етган ва 2021 йилнинг мос даврига (39,9 трлн сўм) нисбатан 1,5 баробар (2018 йил январь-май ойларига (23 трл сўм) нисбатан 2,5 баробар) ошди.
Ушбу таҳлил 2013 йил январидан 2022 йил май ойигача бўлган ойлик маълумотларга асосланиб амалга оширилган. Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг очиқ статистик маълумотларидан олинди.
LiveБарчаси