Ўзбекистонда мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақами белгилари жорий этилади
Жамият
−
21 Март
7427Ўзбекистонда мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақами белгилари жорий этилиши кўзда тутиляпти. Бу ҳақда “Фойдаланишда бўлган мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида келтирилган.
Қайд этилишича, двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер) учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади ва 2024 йил 1 июлдан бошлаб бу турдаги янги транспорт воситалари умумий тартибда, фойдаланишда бўлганлари вақтинчалик низом асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Худди шу даврдан бошлаб:
- Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш билан боғлиқ мурожаатларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси, веб-сайти, Call-маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юбориш ва тўловларни онлайн амалга ошириш;
- рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги “Давлат рақам белгилари” модулида автоматик тарзда тасодифий танлаш йўли билан бериш тартиблари жорий этилиши мўлжалланмоқда.
"2024 йил 1 июлга қадар мопед ва скутерларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи махсус савдо ташкилотлар (ишлаб чиқарувчи, унинг вакили ёки воситачи) Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими “Транспорт воситалари ҳисоб маълумотномалари” модулига интеграция қилинади ва бундай транспорт воситалари учун ҳисоб-маълумотларни электрон шаклда берилишини таъминласин", дейилади мазкур қарор лойиҳасида.
Қўшимча қилинишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ахборот тизими орқали Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига Ўзбекистонга кириб келаётган двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер) тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш йўлга қўйилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб эса рўйхатга олинмаган бу турдаги транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
LiveБарчаси