9 ойда 89 киши мопед ва скутерлар иштирокидаги ЙТҲларда қурбон бўлди (видео)

Crime

−

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида 89 киши мопед ва скутерлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида мопед ва скутерлар иштирокида жами 563 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлса, ушбу аварияларда 488 нафар инсон тан жароҳатларини олган ва 89 киши вафот этган. Шунингдек, 2025 йил давомида мопед ва скутер бошқарган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ 300 га яқин ҳолат аниқланган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич қарийб 20 баробарга кўпайиб, 4312 тани ташкил этган. 162 та ҳолатда мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳам ҳужжатсиз, ҳам маст ҳолатда бўлган.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 2024 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 429-сон қарори билан мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақам белгилари жорий қилинган.

Шунингдек, мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинган. 2018 йил тасдиқланган талабга кўра, мопед ва скутерларни бошқариш учун “А” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилган бўлса, янги соддалаштирилган тартибга кўра “А1” кичик тоифаси амалиётга киритилган.

Энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 сантиметр кубгача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмли мототранспорт воситаларидан давлат рақам белгилари талаб этилмайди. Бироқ “А1” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши керак.

Ушбу тоифани олиш учун автомактаблардаги мажбурий ўқув курсларига бормасдан, имтиҳонларга мустақил тайёрланиш мумкин. “А”, “B”, “C”, “D” сингари тоифалардан бирига эга шахс “А1” кичик тоифасини олиши шарт эмас. Бундан ташқари, бошқа тоифалар учун назарий имтиҳонларда 20 та саволдан 18 та тўғри жавоб талаб этилса, “А1”ни олиш учун 16 та тўғри жавобнинг ўзи етарли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида электроскутер, рикша, мопед, 4 ғилдиракли велосипед, электросамокат, картинг, шунингдек от ва туяда ҳаракатланиш чекланиши ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends