Ўзбекистонда метан нархи кескин кўтарилди
Жамият
−
13 Ноябрь 2025 67334 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йил октябрь ойида озиқ ва ноозиқ ҳамда хизматлар соҳасида нархларнинг йиллик қандай ўзгаргани маълум қилинди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шу ойда метаннинг йиллик нархи кескин, яъни 30,5 фоизга кўтарилган, шунингдек, бензин қиймати 11,7, никоҳ узуги баҳоси 33,4, газета ва журналлар 15,3, сигарет 9,6 фоиз ҳамда табиий гуллар 9,8 фоизга қимматлаган.
Бунга қарамасдан, пропан нархи 18 фоизга, кондиционерлар 1,3 фоизга, телевизорлар 0,3 фоизга ҳамда қоғоз қиймати 3,9 фоизга тушган.
Истеъмол нархлари индексидаги 250 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 243 таси, яъни 97 фоизи бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан кам бўлган.
Қимматлашган маҳсулотларга суяксиз ва суякли мол гўшти (25,3 ҳамда 24,2 фоиз), карам (24,7 фоиз), кунгабоқар мойи (22,6 фоиз), шунингдек, пиёз (18,9 фоиз) мисол бўла олади.
Озиқ-овқатлардан шафтоли нархи 28,7 фоизга, тарвуз 21,8 фоизга, узун ва юмалоқ донали гуруч 18 фоизга, бодринг ва банан мос равишда 17,6 ҳамда 15,1 фоизга арзонлади.
Билдирилишича, истеъмол нархлари индексидаги 170 та озиқ-овқат маҳсулотининг 150 тасида (88 фоиз) йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан кам бўлган.
Хизматлар йўналишда пул ўтказмалари 4,8 фоиз, микромолиявий хизматлар 0,2 фоизга арзонлаган бўлса, давлат боғчалари 21 фоиз, марказий иситиш ва электр энергияси мос равишда 20,9 ҳамда 18,8 фоизга қимматлашган.
Бундан ташқари қуйидагилар:
- ички авиарейслар нархи — 52,3 фоизга;
- тармоқ гази — 39,2 фоизга;
- совуқ сув — 35,1 фоизга;
- музей хизматлари — 32,3 фоизга;
- чиқинди ташлаш — 28,6 фоизга;
- суюлтирилган газ — 25 фоизга;
шаҳар автобусида йўл ҳақи эса 22,3 фоизга ошган.
Ўзбекистонда йиллик инфляция 7,8 фоизга тушиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 фоиз пунктга пасайгани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 5200 сўмгача ошганди.