Ўзбекистонда Meta компаниясининг офиси очилиши мумкин
Жамият
−
07 Октябрь 2025 3835 2 дақиқа
Ўзбекистонда Facebook, Instagram, WhatsApp ва Threads каби иловаларга эгалик қилувчи Meta компаниясининг офиси очилиши мумкин. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Meta компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистонда Meta ваколатхонасини очиш истиқболлари, рекламани илгари суриш ва компания платформаларида жойлаштиришда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, контентни монетизация қилиш ва мамлакатдаги рақамли контент яратувчиларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашувда Meta вакиллари орасида Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари учун давлат сиёсати бўйича директор Сарим Азиз, Марказий Осиё, Мўғулистон, Шри-Ланка ва Малдив ороллари учун давлат сиёсати бўйича раҳбар Сенура Абейвардена, Марказий Осиё, Гонконг ва Тайван бўйича ҳукумат билан алоқалар ва ижтимоий ташаббуслар бўйича раҳбар Аурора Ли ва Марказий Осиё ва Мўғулистон учун давлат сиёсати бўйича минтақавий менежер Ерасил Калихан бўлган.
Томонлар рақамли платформаларни тартибга солиш, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва адолатли монетизация тизимини ривожлантириш бўйича тўғридан тўғри мулоқот ўрнатиш ва тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этган. Рақамли хавфсизлик, реклама шаффофлиги, масъулиятли рақамли хулқ-атворни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва ҳамкорликнинг муайян йўналишларини ўрганиш бўйича келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Павел Дуров Остона шаҳрида ўтказилган Digital Bridge форумида Қозоғистонда Telegram’нинг сунъий интеллектга асосланган лабораторияси очилиши ҳақида маълум қилган эди.
Live
Барчаси