Ўзбекистонда мактаб ва боғча ходимларини эмлаш бошланди
Жамият
−
28 Апрель 2021
13525Ўзбекистондаги мактаб ва боғча ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқароларни ҳам коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, коронавирусга қарши эмланаётган аҳоли қатламлари қамрови кенгайган. Шу пайтгача 65 ёш ва ундан катта фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари эмланаётган эди.
Кеча, 27 апрелдан бошлаб ўрта мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам вакцинация жараёнларига жалб қилинган.
Шу куннинг ўзида:
- 9343 нафар ўқитувчи;
- 5298 нафар мактабгача таълим муассасалари ходимлари;
- 2845 нафар сурункали касаллиги борлар коронавирусга қарши вакцина қабул қилган.
Илк кунда мактаб ўқитувчиларининг 22 фоизи AstraZeneca, 78 фоизи ZF-UZ-VAC2001 билан эмланган бўлса, мактабгача таълим муассасалари ходимларида бу кўрсаткич мос равишда 11 ва 89 фоизни, сурункали касаллиги борларда эса 23 ва 77 фоизни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар 600 мингдан ошди.
LiveБарчаси