Ўзбекистонда маданият ва санъат ходимлари куни белгиланади
Маданият-санъат
−
29 Май 2021
10078Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси кун тартиби доирасида “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама этилди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистан Бадиий академияси, Ўзбекистан Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистан композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистан театр арбоблари уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифларини ҳисобга олиб, маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонун билан 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбe сана Халқаро маданият куни сифатида нишонланади. Хусусан, 2008 йилдан Италия, Испания, Россия, Аргентина, Мексика, Куба, Латвия ва Литва каби давлатларда 15 апрель – Халқаро маданият куни Тинчлик байроғи остида тантана қилинади.
Шунингдек, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган ўзбекистонликлар айнан мана шу байрам кунида “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси