Ўзбекистонда маҳкумларга электрон билагузуклар тақилиши мумкин
Жамият
−
02 Апрель
5947Ўзбекистонда маҳкумлар учун электрон билагузуклар жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда “Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофавий назорат қилиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Билдирилишича, ИИВнинг Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган электрон билагузукларни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Билагузукларнинг синовлари барча ҳудудларда муваффақиятли ўтказилган. Эндиликда ушбу амалиёт қуйидаги тартибда босқичма-босқич жорий этилиши мумкин:
- 1 майдан – Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида;
- 1 июндан – Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида;
- 1 августдан – Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларида;
- 1 октябрдан – Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида;
- 1 декабрдан – Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида.
Электрон билагузукни оёққа тақиш мумкин бўлмаган ҳолларда, билагига электрон билагузук тақишга рухсат берилади. Ҳомиладор аёллар, касалликдан азият чекканлар ва жисмоний имконияти чекланганлар билагузукни тақиб ололмайди.
Таҳлилий эслатмада қайд этилишича, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Корея ва Туркия Адлия вазирликлари тизимидаги пробация хизматларининг илғор тажрибаси ўрганилган.
Уй қамоғида сақланаётган шахсларга электрон билагузук харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахслар учун эса Пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Бундан ташқари, ИИВ қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш мақсадида жиноят-ижроия ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари нормаларидаги номувофиқликларни бартараф этади.
Лойиҳа муҳокамаси 11 апрелга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жазони ижро этиш муассасаларида сақланувчи маҳкумларнинг кун тартиби қандай кечиши ҳақида маълумот берган эдик.
LiveБарчаси