Ўзбекистонда кўпроқ аёллар узоқ умр кўряпти

Жамият

image

Ўзбекистонда 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, узоқ умр кўрувчиларнинг 66,3 фоизи аёллар, 34,6 фоизи эркаклар экани аниқланди. Бу ҳақда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатда 90 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар сони 18 915 нафарни ташкил этган. Уларнинг 56,5 фоизи шаҳар, 43,5 фоизи эса қишлоқ жойларда яшайди. Ҳудудлар кесимида энг кўп узоқ умр кўрувчилар Фарғона вилоятида (2582 нафар), Тошкент шаҳрида (2155 нафар), Қашқадарё вилоятида (2011 нафар), Сурхондарё вилоятида (1799 нафар) ва Тошкент вилоятида (1740 нафар) қайд этилган.

Демографик прогнозларга асосан, яқин йилларда мамлакатда узоқ умр кўрувчилар сони мунтазам ошиб боради. 2030 йилда бу кўрсаткич 44 016 нафарга, 2040 йилда эса 93 971 нафарга етиши кутилмоқда. Мутахассислар буни 1935–1950 йилларда туғилган авлоднинг узоқ умр кўрувчи ёшга кириб бораётгани билан изоҳламоқда. Мазкур йилларда туғилиш даражаси юқори бўлган – 36,6-30,9 промилле атрофида. Шунингдек, Ўзбекистонда умр кўриш давомийлигининг ортиши ҳам бу жараённи қўллаб-қувватламоқда. 2010 йилда туғилишда кутилаётган ўртача умр 73,0 ёшни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 75,1 ёшга етган.

“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, узоқ умр кўришнинг асосий ижтимоий омили ижтимоий фаоллик ҳисобланади. Сўровда қатнашганларнинг 76,3 фоизи фаол ижтимоий ҳаёт инсонни руҳан ва жисмонан соғлом сақлашини таъкидлаган. Шунингдек, 38,8 фоиз респондентлар узоқ умр кўриш омилларида генетик мерос муҳим роль ўйнашини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фарғоналик 130 ёшли онахон Ўзбекистондаги энг кекса фуқаро деб топилган. 1895 йилда туғилган Ҳувайдо момо Умарова (Тошматова)нинг туғилиши қайд этилмагани аниқланди.

Бувайда тумани адлия бўлими томонидан киритилган даъво ариза қаноатлантирилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг Бувайда тумани “Қорақум” МФЙда ўтказган сайёр суд мажлисида Ҳувайдо момонинг 1895 йил 1 январда Бувайда туманида туғилганлик факти белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

аёллар умр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг