Ўзбекистонда кредитлар аҳолига нотўғри бериб келингани аниқланди
Жамият
−
22 Ноябрь 2019
10674Ўзбекистонда берилган кредитларнинг катта қисми - фуқарога тавсия этилган қарз юкидан ортиқ эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Марказий банк ёзмоқда.
Аҳолига ажратилган кредитлар бўйича жами 150 мингдан ортиқ шартномалар кўриб чиқилганда, ушбу шартномаларнинг 35,3 % ида (автокредит - 67 %, микроқарз - 37 % ва истеъмол кредити - 25 %) қарз юки тавсиявий меъёрдан юқори эканлиги маълум бўлган.
Қарз юки – бу кредит тўловларининг даромадга нисбати. Ушбу кўрсатгич 50%дам кам бўлгани яхши, яъни муайян фуқаронинг барча кредитлар бўйича ойлик тўловлари унинг ойлик даромадининг 50%идан ошмаслиги керак.
Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, қарз юкининг ошиб кетиши келажакда жиддий иқтисодий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли ушбу кўрсатгич доимо назорат остида бўлиши керак.
Ушбу мақсадда Марказий банк “Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг кредитлар (микроқарзлар) бўйича қарз юкини ҳисоблаш тартиби, қарз юкининг рухсат этилган миқдори, шунингдек қарз юки ўсишини чеклаш тўғрисида”ги низом ишлаб чиқиб уни муҳокама учун Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирган эди. Янги қонуний ҳужжат юзасидан билдирилган фикрлар ўрганиб чиқилганидан сўнг низом лойиҳаси қайта кўриб чиқилди ва унга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, қарз юкини ҳисоблаш қарз олувчининг амалдаги кредитлари бўйича қарз қолдиғи йиғиндиси 10 миллион сўмга тенг ва ундан ошганда ҳисоблаш белгиланади. Шунингдек қарз юкининг энг юқори кўрсаткичи эса 50 %гача оширилган.
Марказий банк хабарида айтилишига кўра, ушбу ўзгаришлар аҳолининг кенг қатламлари учун кредит олиш имкониятини чегараламайди ва шу билан бирга қарз юкининг хавфли даражада ошиб кетишининг олдини олади.
LiveБарчаси