Ўзбекистонда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошлангани тан олинди
Жамият
−
16 Июль 2020
21159Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини кетяпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга “ҳайфсан” эълон қилиш ҳақидаги фармойишида таъкидланган.
“Жаҳон миқёсида коронавирус пандемияси тарқалиши туфайли Ўзбекистонда ҳам ушбу инфекцияга қарши курашиш, унинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш, самарали карантин ва даволаш тизимини яратиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, эпидемиянинг иккинчи тўлқини натижасида Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар ва у билан боғлиқ ўлимлар сони кескин ошиб кетди. Сўнгги уч ҳафта давомида республикада аниқланган 7700 беморнинг 2800 нафари Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида аниқланди ҳамда республика бўйича ушбу касалликдан бевақт вафот этган жами 50 кишидан 32 таси Тошкент шаҳрида қайд этилганлиги ҳам пойтахтдаги эпидемиологик вазият издан чиққанлигини кўрсатмоқда”, дейилади фармойишда.
Бундан аввалроқ, 9 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда касалликнинг биринчи тўлқини давом этаётганини билдирганди.
“Ҳар қанақа турдаги юқумли касаллик тарқалиши учун эпидемик жараён бўлиши керак. Эпидемик жараённинг эса учта бўғини бор. Бу касаллик манбайи, юқиш йўли ва юқтириб олувчи шахс. Мана шу учта бўғиннинг биронтаси бўлмаса, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқмайди. Демак, биз олиб бораётган ҳаракатларимизнинг негизи мана шу учта бўғиннинг қайси бирига қаратилишидан қатъи назар, битта бўғинни узишга қаратилиши керак.
Жуда кўп фикрлар бўляпти, касалликнинг биринчи тўлқини, иккинчи тўлқини, учинчи тўлқини… Кимлардир жуда кўп тўлқинларни санаб юборди. Лекин битта нарсани аниқ билайлик, биз ҳали биринчи тўлқинни узганимиз йўқ. Қачонки, касаллик қайд этилиши умуман тўхтаса ва битта касалликнинг яширин даври муддати ичида биронта ҳам бемор қайд этилмаса, Ўзбекистондаги касалликка чалинганларнинг манбайи ҳаммаси жиловланган бўлса, биз биринчи тўлқинни сал суриб қўйдик, деган фикрга боришимиз мумкин бўлади. Шунинг учун, келинг, биз иккинчи, учинчи, йигирманчи тўлқинлар ҳақида ҳозир қайғуриб ўтиришимизга, ташвиш қилишимизга, мотам қилишимизга ҳеч ҳам асос йўқ”, деганди Нурмат Отабеков.
Ўзбекистон 15 март куни биринчи марта коронавирус инфекциясига чалинган бемор қайд этилганди. Май ойида касаллик жиловлангандек бўлди. Бунинг ортидан карантин чоралари юмшатилди. Аммо июнда касаллик қайтадан авж олди. Сўнгги бир неча ҳафатадан бери коронавирус беморларининг кунлик кўпайиши 200 тадан кам бўлмаяпти. Айни вақтгача, 14 991 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 8655 нафари соғайган ва 73 нафари вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь