Ўзбекистонда коронавирус аниқланганига бир ой тўлди. Бошимиздан нималар ўтди?

Таҳлил

image

Ўзбекистонда янги турдаги коронавирус COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганига 1 ой тўлди. 

Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани, 11 март куни Франциядан қайтган Ўзбекистон фуқаросида ушбу вирус аниқлангани айтилди. Ўтган давр мобайнида коронавирус аниқланган шахслар сони 1165 нафарга етди. Улардан 4 нафари вафот этди, 99 нафари соғайди. Мамлакатда мавжуд беморлар сони 1062 нафарни ташкил этмоқда. 

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозиргача 100 мингдан ортиқ киши коронавирус тестини топширган. Ҳар куни 8-9 минг киши давлат бюджети маблағларидан текширилмоқда. 

Маълумки, коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгандан буён мамлакатда  Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан кескин чоралар кўриб келинмоқда. Қуйида буларнинг асосийларини ёдга оламиз:

-    Ўзбекистон бошқа давлатлар билан авиақатновлар ва автобус учун тўлиқ тақиқ қўйди;

-    Давлат ва нодавлат ташкилотларда йиғилиш ва мажлислар ўтказиш тақиқланди;

-    Давлат ташкилотларида фуқароларни қабул қилишнинг виртуал усули йўлга қўйилди;

-    Вазирлик ва идоралар ходимларининг хизмат сафарларига чиқиши чекланди;

-    Ўзбекистонда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, коллеж ва техникумлар, олий таълим муассасалари карантинга ёпилди;

-    Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси-муфтий Усмонхон Алимов ўзбекистонлик мусулмонларга мурожаат билан чиқиб, вазиятни тушунтирди. Намозларни карантин вақтида уйда ўқиб туриш фатвоси берилди;

-    Республика махсус комиссияси қарорига кўра, сайёҳлик компаниялари, жамоат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарига мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар ички туризмни ривожлантиришга доир тадбирларни тўхтатиш тавсия этилди;

-    Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилди;

-    Таътил вақтида ўқувчиларнинг билим олишлари учун “Оилавий”, “Маърифат ва маданият”, “Дунё бўйлаб” ва “Ёшлар” телеканалларида 30 мартдан бошлаб видеодарслар намойиш этилиши белгиланди;

-    Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилиши айтилди;

-    Коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилгани айтилди. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди;

-    Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди;

-    Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилиши кўрсатилди;

-    якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб бериладиган бўлди;

-    Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди;

-    Халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, “яшил йўлак”лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди;

- энг аввало пойтахт Тошкентни вилоятлар билан боғловчи постлар ёпилди. Кейинроқ вилоятлардаги шаҳарлар ва туманларни боғловчи постларда ҳам автомобиллар ҳаракатига чеклов ўрнатилди. 

- биринчилардан бўлиб пойтахт Тошкентда жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ишни имкон қадар масофавий ташкил этиш талаби қўйилди. 

- 24 март куни мамлакатда кучайтирилган тартиб эълон қилинди. 65 ёшдан кексаларнинг уйдан чиқишига нисбатан чекловлар ўрнатилди. 

- Карантин қоидаларига риоя қилмаганларга жавобгарлик кучайтирилди, уйдан ташқарида ниқобдан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди. 

- 30 мартдан 20 апрелга қадар барча халқаро авиаташувлар тўхтатилди. 

- 30 мартдан 1 апрелга қадар Нукус ва Тошкент шаҳарлари ва вилоятлар марказларида махсус рухсатнома (стикер)сиз автомобиль бошқаришга чеклов ўрнатилди. 6 апрелдан эътиборан ушбу чеклов скутер ва велосипедларга ҳам жорий қилинди. 

- 6 апрелдан бошлаб деҳқон бозорлари ва супермаркетларга киришда ижтимоий масофани қўллаш, ҳар бир харидорнинг ҳароратини ўлчаш мажбурий этиб белгиланди. 

- Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар Кенгашининг карантин даврида Рамазон ойини қандай ўтказиш юзасидан фатво берди. Унда таровиҳ намозлари, хатми Қуръонлар уйда, оила даврасида ўтказилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

228

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг