Ўзбекистонда хориждан келган фуқароларда қизамиқ аниқланмоқда
Саломатлик
−
25 Июль 2023
4366Ўзбекистонда чет элдан келган қизамиққа чалинганлар билан алоқада бўлган фуқароларда ушбу касалликнинг юқиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, республикада жорий йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, қизамиқ касаллигида шубҳа қилинган 306 нафар беморнинг қон намуналари вирусологик лабораторияга юборилган. Улардан 164 тасида қизамиқ аниқланган.
“Ҳозирда мамлакатимизда қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият назорат остида бўлиб, қизамиқ касаллигига шубҳа қилинган шахслар билан алоқада бўлганлар эпидемиологик кўрсатма асосида профилактик эмлаш билан қамраб олинмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистон ҳудудида мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари асосан хориждан келган қизамиқ билан касалланганлар билан алоқада бўлган фуқаролар орасида аниқланмоқда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эмлашдан бош тортганлар ҳисобига 2023 йилда дунёда ва Европа минтақасида қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият кескинлашиши мумкин.
Жорий йилнинг 25 июль кунигача бўлган даврда Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ушбу касаллик вируси билан зарарланиш ҳолатлари қуйидагича тус олган:
⁃ Афғонистонда 2105;
⁃ Тожикистонда 300 дан ортиқ;
⁃ Қозоғистонда 169 та ҳолат.
Шунингдек, дунёнинг айрим мамлакатларида мазкур вирус билан касалланиш ҳолатлари қуйидагича:
⁃ Украинада 23070;
⁃ Сербияда 4954;
⁃ Францияда 2576;
⁃ Грецияда 2476;
⁃ Италияда 2020;
⁃ Россияда 1396;
⁃ Грузияда 1128.
LiveБарчаси