Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилмурод Исломов вафот этди

Маданият-санъат

image

Бугун, 8 август куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекистон доирачилари” жамоат бирлашмаси раиси Дилмурод Исломов 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди. 

У кўп йиллар давомида Ўзбекистонда доира санъатининг ривожланишида хизмат қилган. Дилмурод Исломов республика “Зарб кўрик-танлови”нинг ва “Доирачилар фестивали”нинг асосчиси ҳисобланади.

Шунингдек, доира ижрочилиги санъати бўйича 2014 йилда “Устозлардан доира сабоқлари” тўпламини, 2015 йилда “Махсус чолғу (доира усуллари: устозлар сабоқлари)” ўқув қўлланмасини, “Мозийдан садо” монографияси ва бир қанча илмий мақолаларни миллий ва хорижий журналларда чоп этган.

2024 йилда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тегишли буйруғига асосан ижодкорга “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони тантанали равишда топширилган. 

Маълумот учун, Дилмурод Исломов 1954 йил Тошкентда таваллуд топган. 1968 йилдан бери “Шодлик” ансамблида моҳир созанда бўлиб, 37 йилдан ортиқ меҳнат қилган. Дилмурод Исломов концерт дастурлари билан 100 дан ортиқ хорижий мамлакатларда бўлиб, ўзбек санъатини оламга танитишга ўз ҳиссасини қўшган. 2014 йилдан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Чолғу ижрочилиги” кафедраси катта ўқитувчиси бўлиб фаолият юритиб келаётган эди. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 август куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ўзбек маърифатпарвари, ёзувчи Жўра Бўтакўз 99 ёшида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дилмурод Исломов Доира Мозийдан садо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар