Ўзбекистонда камбағаллар 1 йилда 11 фоизга камайгани айтилди
Жамият
−
01 Февраль
3337Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2023 йил якунида 11,0 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Статистика агентлиги томонидан 2023 йил учун Ўзбекистонда камбағаллик даражаси таҳлил қилинган. Статистика агентлиги томонидан ўтказилган 16 мингта уй хўжаликлари кузатувларига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2023 йил якунида 11,0 фоизгача пасайгани аниқланган.
“Мамлакатимизда ўтган йилга нисбатан 3,1 фоизга камбағаллик қисқарган. 2022 йил натижаларида камбағаллик даражаси 14 фоизни ташкил этган. Жараён Жаҳон банки экспертлари томонидан текширилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, камбағалликнинг пасайиши барча вилоятларда қайд этилган. Сирдарё (19,5% дан 13,8% гача), Андижон (17,4% дан 11,9% гача) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (19,9% дан 13,7% гача) сезиларли даражада қисқарган.
Минимал ўзгаришлар Тошкент шаҳри (8,5% дан 7,9% гача) ва Бухоро (11,9% дан 11,8% гача), Қашқадарё (12,7% дан 11,5% гача) вилоятларида аниқланган.
“2023 йилда жами 4,1 млн аҳоли, шундан 2,3 млн нафари доимий ва мавсумий иш ўринларида, 112,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, 1,6 млн аҳоли ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бандлигини таъминлашга эришилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, 181 минг нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилгани ва 183,8 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилгани айтилган.
Инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2024 йил учун ҳисобланган МИХ (минимал истеъмол харажатлари) қиймати 621 минг сўмни ташкил этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь