Ўзбекистонда қанча ишсиз борлиги айтилди
Жамият
−
25 Апрель 2021
23049Ҳозирда Ўзбекистонда 1 миллион 600 минг фуқаро ишсиз ва уларнинг ярмидан кўпи ёшлар. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев маълум қилди.
“Ҳозирда юртимизда 1 миллион 600 минг аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилаётган бўлса, уларнинг 805 мингдан ортиғи 16—30 ёшдаги ишсизлардир. Шунингдек, 2021 йилда меҳнат бозорига жами 560 минг битирувчи кириб келади. Натижада жорий йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 миллион 365 мингдан ортиқни ташкил қилади”, деди Бахтиёр Сайфуллаев Сенат ялпи мажлисида.
Сайфуллаев айнан шунинг учун ҳам 2021 йилдаги давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилганини урғулади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказган йиғилишида ёшлар масаласида йўл қўйган камчиликлари учун қатор ҳокимларни ишдан бўшатган эди.
LiveБарчаси