Ўзбекистонда исломий банклар тўғрисида қонун қабул қилинмоқда

Жамият

image
Марказий Осиёдаги ислом банкларининг ривожланишида асосий муаммолар қандай? north_east

Марказий Осиёдаги ислом банкларининг ривожланишида асосий муаммолар қандай?

Жорий йил 11 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда замонавий банк хизматларини жорий қилишга ва халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда банк тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ҳамда янги турдаги банк хизматларини жорий қилиш зарурияти юзага келмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан исломий банк ва молия операцияларига оид ҳуқуқий нормалар лойиҳада акс эттирилганлиги маъқулланди. Лойиҳада исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш бўйича талаблар аниқ белгиланаётгани, исломий молия операцияларига оид тушунчалар очиб берилаётгани ҳамда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга исломий молия стандартлари асосида мижозларни молиялаштириш учун савдо фаолиятини амалга оширишга ҳамда юридик шахсларни ташкил этиш ва юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушларни ёки акцияларни олишга рухсат берилиши назарда тутилгани депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳаси билан исломий молия операцияларига солиқ солиш бўйича тегишли тартибнинг жорий қилинаётгани молиялаштиришга оид хизматлар кўламининг ошишига катта туртки беришини таъкидлади.

Қайд этиш жоиз, 2022 йилда ўндан ортиқ банкларда ислом дарчаларини йўлга қўйиш устида ишлар бошлангани хабар қилинганди. Ўзбекистонда ислом молиясининг кенг кўламда жорий этилиши 5 млрд долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига ва мамлакатдаги рақобат муҳитига анча ижобий таъсир қилиши мумкинлигини давлат раҳбари ҳам айтиб ўтганди.

2024 йилда Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, лойиҳа йил охиригача парламентга киритилишини маълум қилганди. Ушбу лойиҳа жорий йил 16 сентябрь кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилди. Мажлисда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев мамлакатда исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида лицензия жорий этилишини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон исломий банк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг