Ўзбекистонда ишсизлик даражаси камайгани айтилди
Жамият
−
14 Ноябрь 2020
5903Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этиб, йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, сентябрь ойида республиканинг 108 та шаҳар ва туманларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан ижтимоий сўров ўтказилган. Тадқиқот давомида 490 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.
2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19 млн 121,3 минг кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 100,7 фоизга ёки 135,5 минг кишига ошган.
Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 млн 205,2 минг кишини ташкил этиб, йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3,7 фоизга (468,5 минг кишига) ошган.
Январь-сентябрь ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 5 млн 673,8 минг кишини ташкил қилиб, йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 1,7 фоизга ёки 92,6 минг кишига ошди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 млн 618,8 минг кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 9,9 фоиз ёки 504,2 минг кишига ортган. Бу асосан республикадан ташқарига ишлаш учун чиқадиган меҳнат мигрантларининг ички меҳнат бозорига қайтиб келиши ҳамда мавсумий ишлар қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг ортиши эвазига юзага келган.
Республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 1 млн 912,6 минг кишини ташкил этган, бу январь-июнь ойларига нисбатан 128,3 минг кишига ёки 6,3 фоизга камайган.
Ўтказилган тадқиқот натижалари кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 млн 642,5 минг кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этганлигини кўрсатди. 16−30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси 17,1 фоиз, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси эса 14,7 фоиз бўлди.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда иқтисодий нофаол аҳоли 4 млн 273,6 минг кишини ташкил этиб, йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3 фоизга ёки 130,3 минг кишига камайган.
Йилнинг биринчи 9 ойи давомида туман ва шаҳарлардаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган 910 201 нафар фуқарога хизмат кўрсатилди.
Мурожаат қилган фуқароларнинг 243 946 нафари иш билан таъминланди, 500 449 киши жамоат ишларига жалб қилинди, 25 384 нафар ишсизлар касбга ўқитилди, 45 036 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди, 38 002 кишига меҳнат муносабатлари бўйича консультациялар берилди.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 30 827 нафар оила шахсий томорқаларда, 19 174 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида банд қилинди, 7 383 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди.
Маълумот учун, йилнинг иккинчи чорак якунларига кўра Ўзбекистонда ишсизлик кўрсаткичи 15 фоизгача ва январь-июнь ойлари бўйича эса бу кўрсаткич 13,2 фоизни ташкил этган эди.
LiveБарчаси