Ўзбекистонда инфекция тарқалиш хавфи бор – Санэпидқўмита

Жамият

image

Россия Федерацияси ва қўшни мамлакатларда ўткир респиратор инфекцияларнинг (ЎРИ) сезиларли мавсумий кўтарилиши фонида авиақатновлар, меҳнат миграцияси, хизмат сафарлари орқали Ўзбекистонга касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи мавжуд. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида ўткир респиратор инфекциялар бўйича эпидемик вазият мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Грипп ва ЎРИ вирусларининг айланишини аниқлаш мақсадида вирусологик тадқиқотлар ўтказилмоқда.

“Санэпидқўмита тасарруфидаги 15 та вирусология лабораторияларида грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни ташхислаш амалга оширилмоқда. ЎРИ касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5 фоизга пастлиги кузатилмоқда”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, мамлакатда касалланишни ёшма-ёш таҳлил қилинганда энг юқори кўрсаткич 0-1 ёшдаги болалар ўртасида учраётгани маълум бўлган. Ҳозирги вақтда республикада грипп ва ЎРИ бўйича эпидемик вазият барқарор ва Санэпидқўмита томонидан назоратга олинган.

Маълумот учун, ўткир респиратор касалликлар – вируслар қўзғатадиган, келиб чиқиши бир-бирига ўхшаш ўткир инфекцион касалликларнинг умумий номи. У нафас йўллари (бурун, ҳиқилдоқ, кекирдак, бронхлар) шиллиқ пардалари, кўз шиллиқ пардасига зарар етиши билан кечади. Ўткир респиратор касалликларнинг қўзғатувчиларига аденовируслар, парагрипп вируслари, риновируслар ва бошқалар киради. Ўткир респиратор касалликларнинг айрим (спорадик) гуруҳлари кўпроқ кузатилади, лекин улар аҳолининг бутун бир гуруҳини ҳам қамраб олиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Санэпидқўмита Грипп ўткир респиратор инфекциялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг