Ўзбекистонда ичимлик суви учун ижтимоий норма жорий этиладими?
Жамият
−
15 Июль
9892Ўзбекистонда ичимлик суви учун ижтимоий норма белгилаш режаси йўқ. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сув бу — ҳаётий эҳтиёж, уни чеклашга ёки қандайдир лимит қўйишга ҳозирча ҳеч қандай эҳтиёж мавжуд эмас.
“Бу менинг масъул шахс сифатидаги фикрим. Қозоғистонда бўлаётган жараёнларни биз ҳам кузатиб турибмиз, аммо буни табақалаштирилган тизим, дейиш бироз нотўғри”, дейди Раҳматуллаев.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сув ҳисоблагичлар билан таъминланганлик даражаси 87 фоизни ташкил этади.
“Агар 100 фоизлик таъминланганлик даражасига эришган тақдиримизда ҳам сув захираси ва сувни тежаш нуқтайи назаридан яқин келажакда ичимлик суви учун ижтимоий норма жорий этиш режаларимиз йўқ”, дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари.
Маълумот учун, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 май кунидан электр энергияси ва газ учун тарифлар табақалаштирилган тартибда ўзгарди. Электр энергияси нархи истеъмолчиларнинг I ва II гуруҳлари учун ўзгаришсиз – 1 кВт/соат учун мос равишда 1000 сўм ва 900 сўмдан қолдирилди. Истеъмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун 1 ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб қуйидагича белгиланди:
• ойига 200 кВт/соатгача – 225 сўм;
• ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача – 450 сўм;
• ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача – 675 сўм;
• ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача – 787,5 сўм;
• ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори – 900 сўм.
Қолган маиший истеъмолчилар учун эса бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:
• ойига 200 кВт/соатгача – 450 сўм;
• ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача – 900 сўм;
• ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача – 1 350 сўм;
• ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача – 1 575 сўм;
• ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори – 1 800 сўмдан этиб белгиланган.
Истеъмолчиларнинг IV гуруҳи учун ҳам нархлар ўзгаришсиз – 1 кВт/соат учун 900 сўмлигича қолган.
Шунингдек, табиий газ етказиб беришда истеъмолчилар учун тўлов миқдори ўзгаришсиз – бир кубометр учун 1 500 сўмдан қолди.
Йирик улгуржи истеъмолчилар ҳамда бюджет ташкилотлари учун ҳам табиий газ нархи ўзгаришсиз – бир кубометр учун 1 800 сўмлигича сақланди.
Коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига мавсумга қараб ноябрдан февралгача, иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир кубометр нархи қуйидагича белгиланди:
• 500 куб метргача истеъмол учун 380 сўмдан 650 сўмгача;
• 500 дан 2500 куб метргача 1500 сўмдан;
• 2 500 дан 5 минг куб метргача 1950 сўмдан;
• 5 мингдан 10 минг куб метргача 2275 сўмдан;
• 10 минг куб метрдан юқори истеъмол учун 2 600 сўм.
Март-октябрь ойларида газ истеъмоли учун тарифлар қуйидагича белгиланди:
• 100 куб метргача – 650 сўм;
• 101 куб метрдан 2500 куб метргача – 1500 сўм;
• 2500 куб метрдан 5000 куб метргача – 1950 сўм;
• 5 минг куб метрдан 10 минг куб метргача – 2275 сўм;
• 10 минг куб метрдан ва ундан юқори истеъмол учун – 2600 сўмдан бўлди.
Шунингдек, аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи 1 кгга 1120 сўмдан 1600 сўмга ошди. 1 июлдан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига етказиб бериладиган газ нархи 1500 сўмдан 1800 сўмга ошди.
Чарос Ўралова
LiveБарчаси