Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган 300 дан ортиқ автобус техник синовдан ўтказилмаган

Жамият

image

Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автобуслар 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмасдан одам ташиб юргани маълум бўлди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш талаб қилиб, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга сенатор сўровини юборди. https://senat.uz/controlactivity/post-1943 

Қайд этилишича, JV MAN Auto-Uzbekistan МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган MAN А 22 CNG русумли автобусларга истисно тариқасида СТГ-3 русумидаги газ баллонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг қарорида "Ўзавтосаноат" қошида замонавий юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш, кейинчалик уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва СТГ-3 (LNG-3) русумидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш белгиланган.

"Ҳукумат қарорининг ушбу талаблари шу кунга қадар ижро этилмаган. Оқибатда СТГ-3 русумидаги баллонлар билан жиҳозланган JV MAN Auto-Uzbekistan корхонасида ишлаб чиқарилган 300 дан ортиқ автобус 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган ҳолда йўловчи ташимоқда. Бу эса минглаб, балки миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида автобус ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларининг портлаши билан боғлиқ содир бўлаётган ҳолатлар бунга яққол мисолдир", дейилади Сенат хабарида.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан, Хитойда ишлаб чиқарилган СТГ-3 русумли газ баллонлари билан жиҳозланган автобуслар истисно тариқасида харид қилинишига рухсат берилган ва бугунги кунда мамлакат кўчаларида ушбу автобуслар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Автобусларда инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда юқорида қайд этилган автобусларга ўрнатилган СТГ-3 русумли газ баллонларини ҳам техник синовдан ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Бурхонов Бош вазир ўринбосарига сенатор сўровини юборган.

Сенатор сўровида Вазирлар Маҳкамасининг қарорида кўрсатилган вазифанинг ижроси нима учун таъминланмагани ҳамда мазкур лабораторияларни ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунтириш бериш сўралган. Юборилган сенатор сўровининг жавобини Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилган.

Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг