Ўзбекистонда энг кўп ва энг кам ажрим коэффициентига эга ҳудудлар қайсилар?
Таҳлил
−
27 Апрель 2020
16547Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг биринчи квартали бўйича демографик ҳолат юзасидан маълумотлар тақдим этди. Унга кўра, ўтган уч ойда никоҳдан ажрашганлар коэффициенти энг юқори бўлган ҳудудларга Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари кирди.
Маълумотларга кўра, январь, февраль, март ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 7,8 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти 0,9 промиллени ташкил қилади. Юқорида қайд этилган тўртта ҳудудда ажрашганлар коэффициенти қуйидагича:
1. Тошкент шаҳри – 1,0 промилле;
2. Андижон вилояти – 0,9 промилле;
3. Самарқанд вилояти – 0,9 промилле;
4. Тошкент вилояти – 0,8 промилле.
Ҳудудлар бўйича 2020 йилнинг январь-март ойларида энг кам ажрашганлар коэффициенти Қорақалпоғистон Республикаси (0,3 промилле), Жиззах (0,3 промилле), Навоий (0,3 промилле) ва Сирдарё (0,3 промилле) вилоятларида кузатилди.
Умуман олганда дунёда нега ажралишлар сони ортмоқда? Бунинг бир қанча сабабларини санаш мумкин. Бадавлат кишиларнинг бир қисмини ҳисобга олмаганда, бугунги кунда никоҳ одамларнинг ўз мулки ва мавқеини кейинги авлодга ўтказиш мақсадидаги саъй-ҳаракатлари мажмуи бўлмай қолди. Бора-бора аёллар иқтисодий мустақиллигининг таъминланиши билан никоҳ қачонлардир бўлганидек иқтисодий шериклик заруриятининг натижаси ҳисобланмай қолди. Фаровонликнинг умумий ўсиши шунга олиб келмоқдаки, агар никоҳ инсонни қониқтирмаса, у ўз ҳаётини осонгина бошқа йўлга қўйиши мумкин бўлиб қоляпти.
Бундан ташқари, ажрашганлар эндиликда ўзларида “иснод” тамғасини кўтариб юрмайди ва қандайдир даражада бу уларни рағбатлантиради ҳам. Яна битта муҳим омил – никоҳ берадиган шахсий қониқиш даражаларини баҳолаш атамаларининг кучайиши тенденциясидир. Афтидан ажралишлар сонининг ўсиши никоҳдан чуқур умидсизлик билан эмас, балки уни қониқиш келтирадиган тўлақонли иттифоққа айлантиришга уринишнинг кучайиши билан боғлиқдир. Албатта, бу шахсий фикрлар ҳисобланади.
Жамиятшунос, оила бўйича мутахассис Дайан Ваген ажралиш вақтида ажрашганлар муносабатларини текширган. Асосан, ўрта синф вакилларидан бўлган 103 та жуфтдан биргаликда яшаганидан то ажрашгунча бўлган ўтиш даврини тасвирлаш мақсадида қатор интервьюлар олган. “Ажралиш” тушунчаси узоқ давом этган бигаликдаги муносабатлардан яккалик ҳаётига ўтишни англатади.
Маълум бўлдики, кўп ҳолларда жисмоний ажралишдан олдин эр-хотинлар ижтимоий жиҳатдан бошқа-бошқа бўлиб қоладилар. Бунда шерикларнинг бирида янги ҳаёт тарзи пайдо бўлади, уни бошқа машғулотлар қизиқтира бошлайди, ажралган хотинига алоқаси йўқ янги дўстлари пайдо бўлади. Бу бир-бирларидан, айниқса, ишқий муносабатларда сир сақлашга олиб келади. Бу тадқиқот, албатта, Европадаги ҳаётдан олинган кузатувлар натижаси ҳисобланади.
Аммо бизда-чи? Ажримларга сабаблар турлича бўлади. Шулардан энг асосийларидан бири қайнона-келин муносабатлари натижасида юзага келади. Бу орада келин-куёвнинг яқин қариндошлари ҳам ушбу низога аралашади ва никоҳ кўп ҳолларда бузилишга олиб келади. Рақамлар статистик нуқтаи назаридан ўрганилмоқда. Бироқ рақамларни таҳлил қилиш, унга ечимлар ишлаб чиқиш, бу соҳада социологларни етиштириш ҳали ҳам тизимли йўлга қўйилмаган.
LiveБарчаси