Ўзбекистонда чанг-бўронлари яна кузатиладими? Бу офатнинг сабаби нимада?

Жамият

image

Ўзбекистонда яна кучли чанг-бўрони кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси Эркин Абдулаҳатов QALAMPIR.UZ га маълум қилди. 

“Табиатда чанг-бўронлари уч хил кўринишда бўлади. Маҳаллий, минтақавий ва глобал чанглардир. Ўзбекистонда ҳозиргача глобал чанг-бўронлари кузатилгани ва рўйхатга олингани йўқ. Минтақавий чанг-бўронлари эса кузатилади. Минтақавий бўронлар Сурхондарё жануби, Қорақалпоғистон ва Хоразмда кўпроқ кузатилади. Шу билан бирга Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларида ҳам тез-тез минтақавий чанг бўронлари кузатилади. Минтақавий чанг бўрони номидан ҳам маълумки, чегарадош давлатлардаги қум ва чанг заррачаларининг ҳавога кўтарилади ҳамда давомли кучли шамоллар оқибатида Ўзбекистонга ҳам кириб келади. 

2021 йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Фарғона водийси қўшни Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳамда Қозоғистоннинг жанубий томонида ҳам кучли минтақавий чанг-бўрони кузатилди. Шамол кучли бўлишининг асосий сабаби эса шимолий оқим, ҳамда жанубдаги нам ҳаво массалари бир-бири билан тўқнашиши натижасида фронтал, яъни давомли бўлишидадир. Жанубий Қозоғистон вилоятларида кучли шамол эсган. 2021 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятида жуда кучли қурғоқчилик кузатилди. 6 ой давомида деярли ёғингарчилик бўлмади. Ҳарорат ҳам юқори бўлгани сабабли чўллашиш жараёни  кучайган. Шунинг натижасида Тошкентда ҳам 1 км баландликка эга бўлган чанг бўронлари кузатилди”, дейди мутахассис. 

Эркин Абдулаҳатов сўзида давом этиб, 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда кузатилган чанг-бўронига сабаб бўлган омиллар ва  унинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида фикр билдирди.

“Чанг-бўрони кузатилганида фуқаролар Тошкент шаҳрида қурилиш кўпайгани ва дарахтларнинг кесилиши бу каби бўронларга сабаб эканини айтишди. Бир нарсани алоҳида айтиш лозим, минтақавий чанг-бўронлари қурилиш кўплиги ёки дарахтлар камлигига қараб бўлмайди. Маҳаллий чанг-бўронлари ўзимизда ҳосил бўлиб, 100-200 метргача кўтарилади. Бу ҳолатга қурилишлар ва дарахтлар кесилишини қисман сабаб деб кўрсатиш мумкин. Шунинг учун ҳам дарахтларни кесмаслигимиз керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда минтақавий чанг-бўронининг олдини олиш учун ҳар битта ҳудудда “Яшил макон” лойиҳаси асосида дарахт экиш ишлари бошланган. Дарахтни нафақат биз, балки қўшни давлатлар ҳам экиши керак. Агар ҳамма жойда яшиллик таъминланса, чўл ҳудудларига саксовуллар, чанг учишининг мойиллигини камайтирадиган  ўсимликлар экиладиган бўлса, минтақавий чанг-бўрони ҳосил бўлиши эҳтимоли камайиши мумкин”, дейди у.

Суҳбат давомида Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси Эркин Абдулаҳатовдан “2021 йил Ўзбекистонда кузатилган чанг-бўрони яна содир бўлиши мумкинми?”, деб сўрадик.

“Албатта, сабаби биз иқлим ўзгаришини кўряпмиз. Чанг-бўрони илгари баҳор ёки ёз ойларида кузатилган бўлса, бугунги кунда  қиш ойларида ҳам кузатиляпти.  Масалан, Қарши, Самарқанд, Навоий ва Сурхондарёда кузатилди ҳамда хавфлилик даражаси ортиб кетди. Қайсидир давлатларда сув тошқини ёки ўрмон ёнғинлари бўлаётган бўлса, бизда қурғоқчиликнинг ортидан чанг-бўрони хавфи ортиб кетиши тахмин қилиняпти”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Чанг-бўрони Гидрометеорология хизмати

Баҳолаганлар

356

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг