Ўзбекистонда биринчи Исломий молия кенгаши ташкил этилди

Жамият

image

Ўзбекистонда Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг Исломий молия кенгаши ташкил этилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Қайд этилишича, кенгаш исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар, исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатувчи микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг коллегиал органи ҳисобланади.

Маълум қилинишича, кенгаш таркиби Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис ва техник эксперт бўлган 5 нафар аъзодан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саиджамол Юсуфович Масайитов Марказий банкнинг исломий молия кенгаши раиси, Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассисиси сифатида фолият олиб боради.

Марказ бош мутахассиси Муҳаммадаюбхон Ҳомидов эса раис ўринбосари этиб тайинланган.

Шунингдек, Фатво маркази мутахассислари Ҳикматилла Тоштемиров ва Абдуллатиф Турсунов ҳамда Orient Audit Group аудиторлик компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Ахроржон Саъдуллаев кенгаш аъзолари бўлган.


Кенгаш қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • исломий молия стандартлари лойиҳаларини исломий молия бўйича халқаро стандартлар ва маҳаллий контекстни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқади;
  • Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари юзасидан хулоса ва маслаҳатлар беради, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашади, соҳада юзага келадиган низолар ҳамда баҳсли масалалар бўйича тушунтириш ва изоҳлар беради;
  • банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия фаолияти билан боғлиқ тавсиялар ва кўрсатмалар беради, улар билан даврий маслаҳат учрашувларини ўтказади;
  • Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI)нинг йиғилишларида Марказий банк номидан қатнашади ва зарур ҳолларда AAOIFI томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларига ўз таклифлари ва муносабатларини тақдим этади.

Регуляторга кўра, кенгаш ҳар йили Марказий банк бошқарувига ўз фаолияти бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 25 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимотда Ўзбекистон Марказий банки ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилиши ҳақида сўз борганди.

Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилиши айтилганди. Ушбу кенгашлар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш, мувофиқлик устидан назоратни таъминлаш билан шуғулланиши маълум қилинганди.

Кейинроқ, 27 март куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан мамлакатда расман исломий банклар фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланди. Ушбу қонун билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг