Ўзбекистонда беморнинг тана ҳарорати 16 даражагача совитилиб, 12 соатлик операция ўтказилди

Саломатлик

image

Ўзбекистонда 66 ёшли беморнинг танаси +16 даражагача совитилиб, 12 соатлик мураккаб операция ўтказилди. Айни пайтда бемор палатага олинган, аҳволи яхши. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўртачирчиқлик Тўхтасин Деҳқонов узоқ йиллар артериал гипертония касаллиги, яъни юқори қон босимидан жиддий азият чекиб келган. Бироқ шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмагани ва керакли муолажаларни олмагани сабабли хасталик оғир асоратларни келтириб чиқарган.

Хусусан, шу йил январда МСКТ текширувидан сўнг унинг юрак–қон томир тизимида жиддий муаммо борлиги, аорта қон томирининг юқори қисми эса катта ҳажмда шишгани маълум бўлан. Аввалига бемор вилоятдаги ҳудудий шифохоналарда инфаркт ташхиси билан даволаниб юрган, аммо ўзгариш бўлмаган. Оқибатда икки ҳафта олдин пойтахтдаги шифохоналардан бирига ўта оғир аҳволда олиб келинган.

Шундан сўнг Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида тажриба орттириб қайтган моҳир кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ярбеков бошчилигидаги шифокорлар беморни зудлик билан текширувдан ўтказган.

Томография текширувида аортанинг кўтарилувчи қисми ёрилиб, қаватларга бўлиниб, аортанинг тушувчи кўкрак қисмининг ўртасигача тромб ҳосил бўлгани аниқланган. Қолаверса, бу ёрилиш мия томирлари, уйқу, қўл ва ўмров ости артерияларига тарқалганлиги ҳамда аортанинг равоғи ва пастга тушувчи қисмигача ўтганлиги кузатилган.

Ташхис хулосаларидан сўнг вазият жиддий экани маълум бўлиб, бемор дарҳол операция столига ётқизилган. 12 соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланиб, отахон оғир дарддан буткул халос бўлган. Айни пайтда бемор палатага олинган, аҳволи яхши.

“Операциянинг оғир ўтишини аввалдан билардик. Сабаби ҳам аортанинг кўтарилувчи ва тушувчи қисми, ҳам равоғи ҳамда мия томирларини сунъий протезлаш учун узоқ вақт талаб этилади. Қолаверса, мазкур амалиётнинг ноёблиги бемор танаси 16 даражагача совутилиб, танадаги қон айланиши 112 дақиқага тўхтатиб қўйилди. Фақат брахиоцефал ва уйқу артерияси орқалигина мия қон билан таъминлаб турилди”, дейди Рустам Ярбеков.

Айтиш лозимки, бу каби операцияларни ўтказиш учун анестезиолог, реаниматолог, перфузиолог каби малакали тиббиёт ходимлари билан бир қаторда сўнгги авлод сунъий қон айланиш ускунаси, гипотерм ва мияда қон айланиши ва оксигенацияни кўрсатувчи замонавий тиббий жиҳозлар талаб қилинади.

Шу сабабли ҳам авваллари бундай амалиётлар фақат хорижда ўтказилган. Қувонарлиси, кардиохирургия соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугун Ўзбекистонда ҳам ана шундай ноёб операцияларни бажариш имкони яратилди. 

“Шу йил январь ойида коронавирусга чалиндим. Бунинг устига, тез-тез қон босимим кўтариладиган, юрагим оғрийдиган, тез чарчайдиган бўлиб қолдим. Айниқса, охирги вақтларда жуда ҳам озиб кетдим. Текширувга борганимда юрагимда жиддий хасталик аниқланди. Ўша пайтда юртимиздаги жуда кўп шифохоналарга бордик. Бироқ кўпчилик “бу операция мураккаб бўлгани учун фақат Германия, Ҳиндистонда катта маблағ эвазига қилинади” дейишди. Кейин билсак, юртимизда ҳам бундай амалиётни ўтказиш учун шароит ва малакали шифокорлар бор экан. Ҳозир аҳволим анча яхши. Шифокорларнинг айтишича, тез кунда яна соғлом ҳаётга қайтарканман. Бунинг учун уларга катта раҳмат”, дейди бемор Тўхтасин Деҳқонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

423

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made