Ўзбекистонда банкларни нақд пул билан таъминлаш тартиби янгиланди
−
11:05 162 3 minutes
Ўзбекистонда банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказган “Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома”да белгиланган.
Ҳужжатга кўра, банкларни нақд пул билан таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорларга нақд пул бериш, банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш ҳамда банклар ўртасида нақд пулларни тақсимлаш тартиби белгиланди. “Нақд пулларнинг электрон майдони” дастурий мажмуаси орқали ортиқча нақд пулга эга банклар бошқа банкларга маблағ таклиф қилади. Нақд пулга эҳтиёжи бўлган банклар эса электрон талабнома юборади. Нақд пуллар банклар ўртасида инкассация хизмати орқали етказиб берилади.
Шунингдек, банклар ҳар ойда нақд пул кирими ва чиқими бўйича прогноз тайёрлаб, уни ой бошланишидан камида уч банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этади.
Йўриқномага кўра, муомалага чиқариладиган пул белгиларда қуйидагилар бўлиши шарт:
- пулнинг рақамлар билан ифодаланган номинал қиймати;
- пул белгиларини бир-биридан осон фарқлаш имконини берувчи ўлчам ва ранглар;
- Марказий банкнинг номи;
- пул белгиси дизайни ва намунаси тасдиқланган йил;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ёки Давлат байроғи тасвири;
- қалбакилаштиришдан ҳимояловчи элементлар.
Бундан ташқари, банкнотларда уларнинг серияси ва рақами, номинал қийматининг ёзув билан ифодаси, барча турдаги тўловлар учун қабул қилиниши мажбурийлиги ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ёзувлар бўлиши лозим.
Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти, қадриятлари, буюк алломалар ва мамлакатимиз ютуқларини акс эттирувчи тасвирлардан фойдаланилади. Улардаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилади. Шунингдек, пул белгилари инсон саломатлиги учун хавфсиз хомашёлардан тайёрланиши ва замонавий ҳимоя элементларига эга бўлиши керак.
Йўриқномада аҳоли ва тадбиркорларнинг нақд пул олиш ҳуқуқи ҳам кафолатланган. Банклар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳисобварақларида мавжуд маблағлари доирасида нақд пул олишга бўлган талабларини биринчи талаб бўйича узлуксиз қондириши шарт. Шу билан бирга, банклар муомаладаги нақд пулларни номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилади.
Банклар мижозларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжини ва банкоматлардаги нақд пул айланмасини мунтазам таҳлил қилади. Нақд пул етишмаслиги кутилганда эса қўшимча маблағларни жалб этиш чораларини кўради. Марказий банк ва тижорат банклари талабга кўра бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдаги пул белгиларга ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлайди.
Янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин бу ҳақда аҳолига хабар берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Маблағларни тақсимлаш маркази орқали фуқароларга иш ҳақини ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнга олиш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All