Ўзбекистонда аёлларнинг ишсизлик даражаси маълум бўлди
Жамият
−
13 Март
4335Ўзбекистонда аёллар орасида ишсизликнинг энг паст даражаси Тошкент шаҳри, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда жами аёллар сони 18,2 млн. кишидан ошиқ ва улар орасида ишсизлик 13,4 фоизни ташкил этади.
Билдирилишича, Ўзбекистонда аёллар орасидаги ишсизлик даражаси сўнгги пайтларда ортиб боряпти. Аёллар орасидаги юқори ишсизлик кўрсаткичлари ва паст иқтисодий фаоллик даражаси бир томондан юқори туғилиш кўрсаткичларига боғлиқ.
“2023 йилда республикада 961 минг нафар чақалоқ дунёга келган. Бу эса ўз навбатида аёлларнинг меҳнат бозоридан вақтинча бўлса-да чиқиб кетиши ва иқтисодий нофаол мақомга тушишига олиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда аёллар вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди”, дейилади институт экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида.
Маълумот учун, дунёда аёллар орасидаги ўртача ишсизлик даражаси 5,3 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 5,5 фоизни, Россияда 4 фоизни, Озарбайжонда 6,5 фоизни, Беларусда 2,8 фоизни, Бангладешда 6,5 фоизни, Хитойда 4,3 фоизни ташкил этмоқда.
LiveБарчаси