Ўзбекистонда арзон авиакомпания яратиш нега сустлашди?
Жамият
−
13 Февраль 2020
3471Ўзбекистон Республикаси аэропортларида “Очиқ осмон” режимининг ишга туширилиши чет эл компанияларининг республикада арзон авиакомпанияни яратишга бўлган қизиқишини кучайтирди. Бу ҳақда кеча, 12 февраль куни "Ўзбекистон аэропортлари" ОАЖ раҳбари Равшан Исмоилов халқаро авиация форумини ўтказишга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Илгари арзон авиакомпанияни яратишга қизиқиш "Qanot Sharq" ва "SilkJet" компаниялари томонидан билдирилган эди. Лекин "Очиқ осмон" ҳақида эшитиб, улар музокараларда сустлашиб қолишди", дейди Исмоилов.
Унинг қўшимча қилишича, Транспорт вазирлиги арзон авиакомпанияларга шароит яратиш учун ҳамма нарсани қилади. "Биз уларнинг ташаббусини кутяпмиз", дея қўшимча қилган "Ўзбекистон аэропортлари" раҳбари.
Очиқ осмон режими нима?
Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини авиаташувлар тизимида мавжуд муаммоларни ечиш йўли орқали кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2019 йилнинг 1 октябридан “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги” даражасини қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими жорий қилинган эди. Кейинроқ бу режим ҳақида Зафаржон Воҳидов қуйидагича изоҳ бериб ўтди:
“Очиқ осмон режими бу хорижий авиакомпаниялар учун мамлакат ҳаво йўлларидан фойдаланиш имкони ва шартларини либераллаштириш ва енгиллаштириш демакдир. Ушбу режим мамлакатга келаётган туристлар оқимни ошириш ҳамда унинг минтақавий авиацион хаб сифатидаги салоҳиятини ошириш учун қўлланилади. “Очиқ осмон” режими бозорни халқаро авиакомпанияларга мамлакат аэропортлари ва уларнинг ердаги хизматлари учун очади. “Очиқ осмон”нинг асосий тамойиллари нафақат транзит парвозлар учун ҳуқуқ тақдим этиш, балки ҳукуматнинг маршрутлар ҳамда авиакомпанияларнинг нарх ҳосил қилиш ва белгилаш жараёнларига аралашмаслик, шунингдек самолётлар ва уларнинг қуввати турларига доир чекловларнинг йўқлигини ҳам англатади”.
Нуруллоҳ Шарипов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь