Ўзбекистонда 9 ойда табиий газ қазиб олиш 19,6 фоизга камайган

Жамият

image

Бугун, 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси кўриб чиқилди.

Ҳисобот тугагач, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўзбекситон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова ҳисоботга кўра, 9 ойда табиий газ қазиб олиш 19,6 фоизга, газ канденсати ишлаб чиқариш 34,7 фоизга камайганига тўхталиб ўтди.

Депутат табиий газ ишлаб чиқариш масаласидаги баъзи фикрларини билдирган ҳолда савол билан мурожаат қилди. 

“Нега табиий газ қазиб олиш камайди деган саволга “дунё миқёсида табиий газга бўлган талабнинг камайиши”, дея жавоб олдик. Ички бозорда аҳолининг талаби кундан-кунга ошиб бораётган бўлса, бу ҳолатни уларга қандай қилиб тушунтирамиз? Шу ўринда, кичик тадбиркорлардан ҳам бюджетга тушум тушади. Уларни эса қиш олдидан газ тармоғидан узишга мажбур бўлаяпмиз. Яна бир савол, ҳисоботда электр энергиясини технологик сарфи ва узатишдаги йўқотишлари 9 млрд кВт соат, бу жами ишлаб чиқарилган энергиянинг 18,8 фоизини ташкил қилар экан. Бу ҳолатни қандай изоҳлаймиз? Биз сайловчиларга нима деб жавоб берамиз”, деган Мақсуда Ворисова.

Бу саволга Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев жавоб берди.

“Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш фақат “Ўзбекнефтегаз” томонидан эмас, балки бошқа қўшма корхоналар томонидан ҳам амалга оширилади. Маълум бир давр ичида ушбу корхоналар экспортни тўхтатганлиги сабаб газ қазиб чиқариш миқдори камайган. Шунингдек, ички бозорга табиий газ етказиб беришга асосий масъул бўлган “Ўзбекнефтегаз” холдинг компаниясида бу жараённи яхшилаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда талаб даражасидаги кўрсаткичларга эришдик деб айтолмайман. Лекин жорий йилда ўтган йилга нисбатан табиий газ ишлаб чиқариш пасайиши тўхтатилди ва ишонамизки, бу ҳаракатлар кейинг йили ўз самарасини беради”, деган Шерзод Хўжаев. 

Шерзод Ходжаев электр энергиясини ишлаб чиқаришда ишлаб чиқарилган энергиянинг 18,8 фоизи технологик сарф ва узатишдаги йўқотишлар бўлганини соҳанинг ички истеъмоли деб баҳолади.

“Мен бу кўрсаткични бошқачароқ баҳолаган бўлар эдим. Бу соҳанинг ички истеъмоли. Чунки, бунда нафақат тармоқлардаги йўқотишлар, балки, электр энергияни ишлаб чиқаришда бир қисми станцияларнинг ўзида сарфланиши билан изоҳланади. Ҳеч бир давлатда бу кўрсаткич 10−11 фоиздан пастга тушмаган, 2025 йилга қадар 18,8 фоиздан 15 фоизгача камайтириш, 2030 йилгача 12,5 фоизгача тушириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган”, деди Хўжаев энергия узатишдаги йўқотишларга тўхталиб.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бу йил сув танқислиги натижасида ГЭСларда кўзланган миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти бўлмаган. Йиллик прогноз кўрсаткичлари 76 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Бунинг ўрнини қоплаш учун электр энергиясини ИЭСларда ишлаб чиқаришга тўғри келинган.

Динара Юсупова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made