Ўзбекистонда 4000 дан ортиқ кўприк таъмирталаб аҳволда экани маълум қилинди

Жамият

image

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 14 мингдан ортиқ кўприк мавжуд бўлиб, уларнинг 68 фоизи, яъни 9 900 таси ўтган асрда, 1960–1970 йилларда қурилган. Шу сабабли бугун 4000 дан ортиқ кўприклар таъмирталаб аҳволда. 

Бу ҳақда айни пайтда бўлиб ўтаётган Олий Мажлиснинг 35-ялпи мажлисида Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Назаров маълум қилди.

“Биз бу кўприкларни қайта қуриш ва таъмирлаш бўйича 4 йиллик дастур ишлаб чиққанмиз. Бунда 1300 та кўприк таъмирланади ва қайта қурилади. Жорий йилда ҳам 131 та кўприкнинг таъмирланишини шу дастур доирасида ташкил этдик”, дейди Шуҳрат Назаров.

Унинг қайд этишича, Республикамизда мавжуд бўлган энг йирик кўприкларнинг 314 таси тубидан фойдали қазилмалар олинадиган дарёларнинг устида қурилган.

“Бугунги кунда уларнинг 26 таси таъмирталаб аҳволда. Бунинг сабаби, кўприклар жойлашган дарё тубидан қум-шағал аралашмаларини бетартиб равишда қазиб олинишидир. Натижада кўприкларнинг темир-бетон таянч асослари заифлашиб қолган. Шунингдек, бу дарё сатҳининг тушиб кетиши билан ҳам боғлиқ”, дейди қўмита раиси ўринбосари.

Назаровнинг таъкидлашича, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун жорий йилда 5 та йирик кўприкнинг остидаги дарё сув сатҳини меъёрлаштириш учун тўғонлар қурилган. Лекин у қум-шағал аралашмаларини бетартиб равишда қазиб олганларга қандай чоралар кўрилганига тўхталмади. Бироқ атиги 5 та кўприкнинг муаммосини ҳал қилиш учун озмунча маблағ ажратилмаган.

“Меъёрлаштирувчи тўғонлар учун бюджетдан жами 3,5 млрд сўм маблағ ажратилган”, дейди Шуҳрат Назаров.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

107

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг