Ўзбекистонда 2025 йил Корея билан алмашинувлар йили бўлиши кутилмоқда
Жамият
−
14 Июнь
4137Келгуси уч йил учун Ўзбекистон-Корея минтақавий стратегик шериклигининг технологияли дастурни тайёрлаш топширилди. Бу ҳақда бугун, 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёл ўртасида бўлиб ўтган тор доирадаги учрашувда сўз борди.
Қайд этилишича, шу муносабат билан ҳукуматларга бир қатор устувор соҳаларда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
- Ўта муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик. Бу ресурс базасини чуқур қайта ишлаган ҳолда қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини яратишни назарда тутади;
- Корея Республикаси анъанавий равишда глобал етакчилардан бири ҳисобланган яримўтказгичлар соҳасида стратегик ҳамкорлик. Бу борада мамлакатимизда минтақада биринчи яхлит илмий-ишлаб чиқариш кластерини барпо этиш режалаштирилган;
- Кимё саноатида кенг кўламли ҳамкорлик. Яъни “Яшил” водород ва аммиак ишлаб чиқариш, шунингдек, тайёр резин-техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган;
- Машинасозликда кооперацияни чуқурлаштириш. Жумладан, жорий йил баҳорида Жиззах вилоятида KIA автомобилларини йиғиш линиясини ишга туширилганди. Келгуси йилда йилига 60 мингдан ортиқ седан ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган;
- “Ақлли” қишлоқ хўжалигини яратишга технологияларни жалб қилиш, шунингдек, аграр тармоқни рақамлаштириш, "ақлли" ва "яшил" технологияларни жорий этиш;
- Мамлакатимиз ҳудудларида қайта тикланадиган энергия манбалари асосида замонавий иссиқхона хўжаликлари ва боғдорчилик мажмуаларини барпо этиш;
- Инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарсозлик дастури. Корея банклари ва компанияларининг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тураржой ва тижорат объектларини лойиҳалаштириш;
- Замонавий ва хавфсиз энергетика. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун томонлар энергетика вазирлари даражасида стратегик мулоқотни қайта тиклашга келишилди.
Шу билан бирга, EDCF жамғармаси доирасида 2 миллиард долларлик юқори тезликдаги электр поездларни етказиб бериш, "Тошкент Фарма Парк" лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва таълим муассасаларини жиҳозлаш каби келишувга эришилди.
Ҳозирги саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида юқоридаги йўналишлар бўйича 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилгани билдирилди.
Маълумотларга кўра, катталар учун шифохона ва онкологик клиникани ўз ичига олган тиббий кластер лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Шу юзасидан Кореянинг ихтисослаштирилган марказларида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича узоқ муддатли дастур ишга туширилади.
Йиғилишда Ўзбекистонда Корея фан ва технологиялари институти (KAIST) модели асосида институт ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди. Қўшимча сифатида, Корея Давлат бошқаруви институти ва Миллий инсон ресурслари институти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Давлат бошқаруви академияси қошида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ўқув марказини очиш айтиб ўтилди.
Кореялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда корейс тилини ўрганиш дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Корейс ва ўзбек халқини янада яқинлаштириш мақсадида келгуси йилни “Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ва ўзаро маданий тадбирларни ўтказиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, 2027-йилда Ўзбекистонда корейс диаспораси истиқомат қилаётганининг 90-йиллиги кенг нишонланиб, шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Корейс маданияти ва санъати уйида музей ва кутубхона очилади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари белгиланган "йўл хариталари"ни қабул қилишга топшириқ берди.
“Кенг делегациянгиз билан Ўзбекистонга амалга ошираётган давлат ташрифингизни юртимиз ва минтақамиз билан кўп қиррали ҳамкорлик ривожига катта эътиборнинг яна бир тасдиғи сифатида қабул қиламиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси