Ўзбекистонда 2000 дан ортиқ диний ва сиёсий маҳбуслар бор – АҚШ
Жамият
−
15 Октябрь 2021
6382АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси жорий йилнинг 13 октябрь куни янги ҳисоботини эълон қилди, унда Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳбуслар ҳақида сўз боради.
Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида 2000 дан ортиқ диний масала бўйича айблов қўйилган маҳбуслар сақланади, улардан 81 нафарининг шахси аниқланган.
Ҳисобот муаллифи, АҚШ Конгрессининг Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича маърузачиси Стив Свердловнинг айтишича, шахси аниқланган 81 маҳбуснинг аксарияти қийноққа солинган ёки бошқа йўл билан камситилган.
АҚШнинг диний эркинлик бўйича комиссияси ҳисоботи “Ўзбекистоннинг диний ва сиёсий маҳбуслари: репрессия амалиётига барҳам бериш” деб номланади. Унда айтилишича, мамлакатда қамалган диний маҳбусларнинг аниқ сони анчадан буён журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, АҚШ ҳукумати, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига номаълум. Ўзбекистон ҳукумати бундай маҳбусларнинг сони ва шахсини ҳеч қачон ошкор қилмаган. Ҳисобот муаллифи Стив Свердлов келтирган янги рақам Ўзбекистонни собиқ Совет Иттифоқидаги энг кўп диний маҳбуслар яшайдиган мамлакатга айлантиради.
“2000 дан ортиқ диндорлар панжара ортида. Бу собиқ иттифоқ Республикалари ичида энг кўпи ва дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Бу одамларнинг озод қилинишига эришиш ҳуқуқ ҳимоячиларининг асосий мақсади бўлиб қолмоқда”, деган у.
Ҳисобот муаллифи бу маҳкумларга қўйилган айбловларга эътибор қаратган. Маҳкумларнинг кўпчилиги “мамлакат конституциявий тузумини ағдариш”, “тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тарқатиш” ва “тақиқланган диний гуруҳларга аъзолик” каби жиноятларда айбланган.
Ҳисоботга кўра, энг муҳими, шахси аниқланган 81 диний маҳбусларга нисбатан бундай айбловни тасдиқловчи аниқ далиллар йўқ. Стив Свердловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексида бундай маҳкумларга берилган бир қанча моддалар бор, уларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига зиддир.
“Ўзбекистон Жиноят кодекси Каримов (Ислом Каримов – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти) даврида қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолмоқда. Шунинг учун муаммо ҳалигача сақланиб қолмоқда”, деган ҳисобот муаллифи.
Таъкидланишича, кўпчилик диний маҳбусларни қамоқда сақлаш муддатлари ноқонуний равишда узайтирилган. Шунингдек, Стив Свердлов Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан 50 га яқин юқори мартабали маҳбуслар ва бошқа юзлаб диний маҳбусларнинг озод этилганини юқори баҳолаган. Унга кўра, оқланиш масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда.
“Чиқарилган сиёсий маҳбусларнинг ҳеч бири реабилитация қилинмаган ва ҳозиргача ҳукумат бу масалани муҳокама ҳам қилмаган”, деган у.
Комиссияга кўра, диний ва сиёсий сабабларга кўра ҳукм қилинган 1176 маҳбус қамоқхоналарда, 1000 маҳбус эса колония-аҳоли пунктларида, яъни уларнинг умумий сони 2176 кишини ташкил этади. Бу мамлакатдаги маҳбусларнинг 10 фоизга яқини.
Ҳисоботда ёзилишича, кўпинча “турли авлодларнинг бир нечта оила аъзолари” дин билан боғлиқ айбловлар билан қамоққа ташланади.
“Кўп сонли диний маҳбуслар фақат тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айбланиб, зўравонликларга алоқадорлиги исботланмаган ҳолда ҳукм қилинган”, дейилган ҳисоботда.
Ҳисоботда маҳбусларнинг кўпчилиги мажбурий тартибда ва бошқа инсон ҳуқуқлари стандартлари бузилгани учун чет элдан мажбуран қайтарилганидан хавотир билдирилган. Бундай шахслар орасида БААдан экстрадиция қилинган Муҳаммаджон Аҳмаджонов ва меҳнат муҳожири бўлиб, Россиядан қайтгач, ҳибсга олинган Умар Бадалов бор.
“Ўзбекистон Жиноят кодексининг кўплаб қоидалари, жумладан, “диний экстремизм” ва “конституцияга қарши фаолият”га 2021 йил март ойида киритилган ўзгартиришлар шу қадар ноаниқ ва кенгки, улар халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларини бузади”, дейилган ҳисоботда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь