Ўзбекистонда 2 йил ичида кўчмас мулк бозорида энг юқори ўсиш кузатилди

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ойида кўчмас мулк бозори учун сўнгги икки йилдаги энг фаол ойлардан бири бўлиб, уй-жой савдоси ҳажми июнь ойига нисбатан 25 фоиз, йиллик ҳисобда эса 14,2 фоизга ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Июль ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида уй-жой бозорида фаоллик ошгани кузатилди. Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Сурхондарё (41 фоиз), Сирдарё (35,3 фоиз) ва Қашқадарё (33,7 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Тошкент шаҳрида уй-жой бозори фаоллиги 24,6 фоизга ўсди.

Июль ойида Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача бозор қиймати ўсиш суръати тезлашди. Июнь ойида ўртача 0,3 фоиз ўсишдан сўнг, июль ойида ўсиш 1,7 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса нархлар 3,3 фоизга ошди.

Ҳудудлар кесимида ўтган йилнинг июль ойидан буён уй-жой нархларида сезиларли ўсиши Жиззах (15,2 фоиз), Сурхондарё (14,1 фоиз) ва Хоразм (9,6 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Июль ойида Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозорида йиллик пасайиш тенденцияси сақланган ҳолда, нархларда ўртача ўсиш қайд этилди. Ой давомида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 0,8 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда ўтган йилнинг июль ойига нисбатан иккиламчи уй-жой нархлари 3,2 фоизга, бирламчи уй-жойлар нархи эса 0,9 фоизга пасайган. Пойтахтда иккиламчи уй-жойларнинг энг катта пасайиши Мирзо Улуғбек (-8,2 фоиз), Яшнобод (-4,5 фоиз) ва Юнусобод (-4,2 фоиз) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларида энг сезиларли пасайиши Учтепа (-8,8 фоиз), Юнусобод (-6,7 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-4,7 фоиз) туманларида қайд этилди. Июль ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларида барқарорлик кузатилди. Ижара нархи барқарор сақланиб, бир квадрат метр учун 8 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 доллар.

Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи 2,8 фоизга пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойи якунига кўра, Тошкент шаҳрида 1 сотих ер майдони нархи 334 млн сўмни ташкил этганди. Бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 2,5 фоизга паст. Шунингдек, уй-жой нархларида ҳам пасайиш кузатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

кўчмас мулк бозори уй-жой савдоси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг