Ўзбекистонда Ҳайит намози ўқилмайдиган бўлди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият беқарорлашиб, беморлар сони кун сайин ортиб бораётгани сабаб масжидларда Қурбон ҳайити намомози ўқилинмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвоси эълон қилинди. 

Идоранинг қайд этишича, коронавирус пандемияси учинчи, айрим мамлакатларда тўртинчи тўлқин тарзида намоён бўлмоқда. Бу йилги ёз чилласи кириб келиши билан вируснинг тарқалиши яна авж олди.           

Идора баёнотида динда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан бири экани урғуланади. "Уларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз талабларини инсониятга енгиллатади".

Шулардан келиб чиқиб, Мусулмонлар идораси фатво қабул қилган. Унга кўра:

Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилади.

Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилади.

Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар.

Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этсинлар.

Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.

Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан,барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Эҳтиёжмандлар, ногиронлиги борлар, вақтинча ишсизларга эҳсон кўрсатишнинг айниқса ушбу кунлар ва ойларда савоби улуғдир. Хайрия ва эҳсон тадбирларини “Вақф” жамғармаси орқали ёки бевосита амалга ошириш тавсия этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари ва имом-хатиблар ушбу фатво мазмун-моҳияти бўйича аҳолининг кенг қатламлари орасида батафсил тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

581

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг