Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига 68 нафар маҳкум тўғри келади
Жамият
−
02 Ноябрь
3050Бугунги кунда Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар сони ҳар 100 минг аҳолига ҳисоблаганда 68 нафарни ташкил этади. Бу ҳақда жорий йилнинг 31 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Гендер сезгир жазони ижро этиш муассасалари бошқаруви стратегиялари: илғор тажриба ва асосий муаммолар” мавзусидаги тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткич Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар орасида энг паст даражада бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир.
Тадбир давомида замон талабларига жавоб бермайдиган 4 та колония, жумладан, аҳоли орасида салбий ном топган “Тоштурма” ва “Жаслиқ” колониялари тугатилгани, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилган шахсларни соғлом ижтимоий ҳаётга йўналтириш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб пробация фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилган.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти муҳим топшириқлар бўйича инспектори Бурҳонхўжа Акромовнинг маълум қилишича, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда адвокатлар учун алоҳида 69 та хона ташкил этилган. Омбудсман ва Бизнес-омбудсман бундай муассасаларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириш имкониятига эга бўлгани айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Липецк вилоятида ўзбекистонлик маҳкумлар туннель қазиб, колониядан қочиб кетгани хабар қилинганди. Федерал Жазони ижро этиш хизмати ҳудудий бошқармаси колония ҳудудини айланиб ўтиш чоғида туннель топилгани, шундан сўнг улар маҳкумлар сонини санашгани ва олти киши бедарак йўқолганини маълум қилганди.
LiveБарчаси