Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича Ҳиндистон билан музокараларни якунлади
Жамият
−
29 Май 1435 2 дақиқа
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида Ҳиндистон билан музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни расман имзолади. Ушбу музокараларнинг параметрлари 2024 йилда келишиб олинган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу жараён муайян саъй-ҳаракатларни талаб этган, чунки томонлар техник верификацияни (текширувни) амалга оширишлари ва ҳужжат матнини Ҳиндистон томони билан батафсил мувофиқлаштириб олишлари керак бўлган. Шунга қарамай, бозорга кириш масалаларининг моҳияти бўйича Нью-Деҳли ниҳоятда конструктив ёндашув намойиш этган.
Азизбек Ўрунов Ҳиндистонга Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорчилик билдирган. У ушбу натижага эришишда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант, шунингдек, дипломатлар Анитха Нандхини Равинтхеранатх, Гаурав Гупта ва элчи Сентхил Пандианларнинг кўрсатган улкан заҳматларини алоҳида эътироф этган. Имзолаш маросимидан сўнг, Ўзбекистон жамоаси протоколнинг асл нусхаларидан бирини кейинчалик умумлаштириш учун ЖСТ котибиятига юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ЖСТга кириш жараёнини тезлаштиришни топширган эди. Ўтган йили Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилган. Уларда 200 дан ортиқ саволларга жавоблар, 30 дан зиёд ташқи савдога оид ҳужжатлар ЖСТ аъзоларига тақдим этилган. Шу билан бирга, икки томонлама музокаралар доирасида 40 дан ортиқ музокаралар раунди олиб борилган. 2025 йилнинг ўзида 11 та давлат билан музокаралар якунланиб, бундай давлатларнинг умумий сони 33 тага етган.
Live
Барчаси