Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ дастурига қўшилди
Жамият
−
09 Апрель 2021
6152Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар дастурига қабул қилинди. Бу ҳақда Европа Комиссиясининг расмий сайтида хабар берилган.
Маълум қилинишича, GSP+ иштирокчиси сифатида Ўзбекистон стандарт GSP схемасидан кўра кўпроқ қўшимча иқтисодий манфаатлар олади. Яъни, Стандарт GSP линиясининг учдан икки қисми маҳсулотлар линейкаси бўйича тарифлар бекор қилинади.
“Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикасини бир томонлама умумий имтиёзлар схемаси (GSP) асосида барқарор ривожланиш ва яхши бошқарувни ривожлантириш бўйича махсус тизимнинг (GSP+) тўққизинчи бенефициар мамлакати деб тан олди. Европа Иттифоқи ушбу келишув асосида Ўзбекистондан олиб кириладиган товарларга имтиёзли божларни 2021 йил 10 апрелдан амал қилишни бошлайди”, дейилади расмий баёнотда.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг GSP+ бенефициари сифатида қабул қилиниши Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ишбилармонлик муҳити, суд тизими, хавфсизлик хизматлари, иш шароитлари, маъмурий жавобгарлик ва самарадорликни яхшилаш бўйича тан олинганлигини акс эттиради. Бу, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳаларидаги изчил ижобий ривожланишдан далолат беради.
Хабарга кўра, дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3 минга яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.
GSP+ схемасидан бугунги кунда 9 та давлат фойдаланмоқда, МДҲ давлатларидан яна Арманистон ва Қирғизистон ҳам бенефициар ҳисобланади.
Схема қатор мажбуриятларни ҳам юклайди. Масалан, мамлакат инсон ҳуқуқлари, экология, меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарувга оид 27 та Халқаро конвенцияларни самарали бажариш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Ўзбекистон томони иккита қонун – Жиноят ҳамда Меҳнат кодексларини қайта кўриб чиқиши жараёнига эътибор қаратаётганини расман маълум қилган.
LiveБарчаси