Ўзбекистон ЕОИИ билан савдо ҳажмини ошириш устида ишлашга тайёр – Мирзиёев
Жамият
−
25 Май 2023
5346Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини тубдан ошириш учун шароит яратишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 25 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Ўзбекистон савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини тубдан ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёр”, дейди у.
Мирзиёев бу жараёнга сертификатларни ўзаро тан олишда техник тўсиқларни бартараф этиш бўйича келишувнинг қабул қилиниши ёрдам беришини айтган.
“Ушбу мақсадларда Ўзбекистонда миллий техник регламентларни ЕОИИ стандартларига мувофиқлаштириш бўйича тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди. Миллий валюталарда ҳисоб-китобларни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттирамиз”, дея қўшимча қилди у.
Москвадаги Катта Кремль саройида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Россия Президенти Владимир Путин, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович иштирок этган. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон видеоалоқа орқали иштирок этган.